Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида наркожиноятларга қарши кескин курашиш вазифаси қўйилган.
Наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик белгиланди.
Чунки, гиёҳвандлик бир инсоннинг эмас, балки бутун жамиятнинг келажагига қаратилган хавфли иллатдир. Қонунга хилоф ҳар қандай ҳаракатга нисбатан эса муқаррар жавобгарлик мавжуд.
Ички ишлар органларида наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш ишлари кучайтирилди. Бу борада Давлат хавфсизлик хизмати билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган.
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур хизматлар ходимларининг ҳамкорлик асосида олиб борган тезкор тадбирларида 20 килограммдан ортиқ қуруқ ҳолатда бўлган “марихуана” гиёҳванд моддаси қўлга олинди.
Мазкур ноқонуний ҳолат Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи 1950 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида аниқланди.
Аниқланган ҳолат юзасидан тегишли тартибда Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу миқдордаги ажал оғусининг ноқонуний муомалага киритилиши жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб, кўплаб инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаёти ва соғлиғида салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорликда амалга оширган тезкор тадбири натижасида миллат генофонди учун хавфли бўлган яна бир жиноятнинг олди олинди.
Шу боис, аҳоли саломатлиги, ёшлар келажаги ва жамият тинчлиги йўлида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишга қаратилган тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА