Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: 10 минг 644 нафар қоидабузар пиёда аниқланди
17:15 / 2023-11-01

Пойтахтда транспорт оқимининг кучайгани айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Тирбандликлар, пиёдалар хавфсизлиги эса долзарб масалага айланди.

 2023 йил 21 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида пиёдалар учун хавфсиз йўл инфратузилмасини яратиш бўйича “Зарбдор икки ойлик” тадбири бошланди.  

Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати бошлиғи, подполковник Музифа Султонова маълумот берди:  

– Пиёдалар йўлни хавфсиз кесиб ўтишида светофорлар муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳридаги жами 250 та тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига чақирув тугмали светофорлар ўрнатилади.  

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида алоҳида 12 та мобиль бригадалар ташкил этилиб, жами 146 нафар ходим ва ишчи-хизматчилар жалб этилди.  

Тадбир давомида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва кунлик таҳлилини юритиш мақсадида  ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида “Тезкор штаб” фаолияти йўлга қўйилди.  

Жорий йил 31 октябрь ҳолатига мобиль бригадалар томонидан ўрнатилиши белгиланган барча светофор объектларининг жойлашуви тўлиқ ўрганиб чиқилди. Тадбир бошидан 136 светофор объектларида светофор устунлари учун чуқурлар тайёрланди ҳамда коммуникация ва алоқа кабелларини жойлаштириш учун қазиш ишлари амалга оширилди.  

93 светофор объектида светофор устунларини ўрнатиш учун бетон қуйилиб, тайёр ҳолатга келтирилди. 26 объектда светофор устунлари ўрнатилиб, транспорт ва пиёдалар светофорлари ўрнатилди ҳамда коммуникация ва алоқа кабеллари уланди. 10 та объектда светофор каллаклари ўрнатилди. 142 пиёдалар ўтиш жойларидаги етишмайдиган йўл белгилар ўрнатилмоқда.  

Барча ўчиб кетган пиёдалар ўтиш жойларидаги ётиқ чизиқларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.  

Жорий йилнинг 17 октябрдан бошлаб республикамиз бўйлаб пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида “Диққат, пиёда!” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбирга жами 5 минг 683 нафар ички ишлар органлари, миллий гвардия, ҳокимлик, шунингдек, турли идора ва ташкилотлардан вакиллар жалб қилинган.  

Тадбир бошидан 31 октябрь кунига қадар 10 минг 644  нафар қоидабузар пиёда аниқланди. Улар томонидан  йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш, йўлнинг қатнов қисмидан маст ҳолда ҳаракатланиш, пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланаётган вақтда телефон ва қулоқчинлардан фойдаланиш, велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди.  

Қоидабузарларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди. 1 минг 422 нафар ҳайдовчига нисбатан эса пиёдаларга йўл бермаганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди.  

Шунингдек, йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида 1 минг 115 пиёдалар ўтиш жойларида йўл белгилари ва 1 минг 45 квадрат метр йўл ётиқ чизиқлари янгиланди. Хавфли деб топилганлиги сабабли 79 та пиёдалар ўтиш жойлари ёпилди.  

Ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА