Хабарингиз бор, шу йил 28 март куни пойтахтимизда йилнинг энг муҳим спорт воқеликларидан бири – III Тошкент Халқаро марафони ўтказилади.
Бугун марафон (42,195 км), яриммарафон (21,0975 км), экиден (5 км+10 км+5 км+10 км+5 км+7,195 км) ҳамда 3км масофага ўтказиладиган пойгаларга иштирокчиларни рўйхатга олиш жараёни якунланади.
Марафон мусобақасида 18 ёш ва ундан юқори бўлган профессионал спортчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Улар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалардан ташқари Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун ҳам кураш олиб боришади.
Экиден – бу марафон пойгасининг замонавий кўриниши бўлиб, унда иштирокчилар худди марафон сингари 42 км 195 метр масофани босиб ўтишлари зарур. Фақат, бунда белгиланган масофани бир киши эмас, балки 6 нафар иштирокчи жамоавий эстафета шаклида босиб ўтишади. Ушбу йўналишда иштирокчилар мос равишда 5 км+10 км+5 км+10 км+5 км+7,195 км масофани кетма-кетликда босиб ўтишлари талаб қилинади.
Ҳозирда III Тошкент Халқаро марафони штабида иш жараёни қизғин кетмоқда. Мусобақа яқинлашгани сари унда қатнашиш истагини билдирган юртдошларимизнинг сафи тобора ортиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, мусобақада қатнашиш учун онлайн ва оффлайн тарзда рўйхатдан ўтганлар сони 1 500 нафардан ортиб кетди.
III Тошкент Халқаро марафони штабида ҳакамлар учун семинар ташкил этилиб, уларга мусобақа қоидалари яна бир бора тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, ташкилий қўмита аъзолари ҳакамлар билан биргаликда III Тошкент Халқаро марафони трассасини яна бир бора кўздан кечириб чиқди ва мусобақа пайтида қандай ҳаракатланиш борасида ўзаро келишиб олинди.
Хуллас, пойтахтимиз катта спорт байрамига шай. Умид қиламизки, эртага бўладиган марафонда спортчиларимиз ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлайди ва Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиб, юртдошларимизни қувонтиришади.
Таъкидлаш жоизки, дунёда COVID-19 вирусининг кенг тарқалиши оқибатида юзага келган пандемик шароитни инобатга олиб, III Тошкент Халқаро марафони карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилади.