Озарбайжон мамлакати мезбонлик қилаётган III МДҲ ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 1 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медали қўшилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўйинларнинг академик эшкак эшиш ҳамда байдарка ва каноэда эшкак эшиш турлари бўйича мусобақаларда юртдошларимиз муваффақиятли иштирок этмоқда.
Жумладан, Бобуржон Муҳиддинов ва Жамолбек Турғунов жуфтлиги 4 дақиқа 47,36 сония натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритган бўлса, Зиёдбек Йўлдошев 3 дақиқа 55,22 сония натижа билан кумуш медаль, Шоҳрух Ҳасанов (3 дақиқа 51,45 сония) ва Давлатжон Ҳамдамов (4 дақиқа 3,7 сония) бронза медаллари соҳиби бўлди.
Шунингдек, каноэда эшкак эшиш турида Муҳаммадазиз Арипов 1 дақиқа 57,86 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди.
Байдаркада ўтган жуфтлик беллашувларида Шоҳрух Ҳасанов ва Никита Рейнвальт 1 дақиқа 36,99 сония натижа билан кумуш, Марк Шербаков ва Давлатжон Ҳамдамов эса 1 дақиқа 42,22 сония натижа билан бронза медали билан тақдирланди.
III МДҲ ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг медаллари 22 та олтин, 31 та кумуш ва 52 та бронзага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА