Маданият, санъат ва адабиёт бўйича Миллий кенгаш ва Кувайт ҳунармандлар уюшмаси Ўзбекистондаги Халқаро ҳунармандлик кўргазмасида иштирок этди.
Ушбу араб давлати ахборот агентлиги – “Kuna” 19-21 сентябрь кунлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро ҳунармандлик фестивалини кенг ёритди. Масалан, Кувайт Қадимий ҳунармандлик уюшмаси директори Ҳусайн Ал-Баззоз анжуманда ёғоч кема (қалафа) ясаш ҳунарини тақдим этганига эътибор қаратилган. Рассом ва кулол Али Ал-Авод ҳамда кулолчилик уйи раҳбари Димат Ал-Қурайний Маданият, санъат ва адабиёт бўйича миллий кенгаш томонидан тайёрланган айвонда ўзига хос сопол ишларини, ассоциация аъзоси Надия Ал-Ҳаммадий саду тўқиш ҳунарини намойиш этган.
“Kuna” билан суҳбатда Ал-Баззоз мазкур анъанавий фестивални дунё ҳунармандлари учун глобал майдон, дея таърифлаб, бир неча йил ичида соҳа бўйича энг нуфузли халқаро тадбирлардан бирига айланганини қайд этди. Унинг қўшимча қилишича, бу йил Қўқонга 71 давлатдан 300 дан кўп тажрибали ҳунарманд келган. Ўзбекистондан эса 1000 га яқин маҳаллий ҳунарманд ўзбек маданий мероси бойлиги ва ранг-баранглигини акс эттирувчи маҳсулотларни тарғиб этмоқда. Кулолчилик мактаби ва саноати билан машҳур Риштонда Халқаро форум бўлиб ўтгани тадбирга қўшимча мазмун бағишлаб, турли халқаро санъат мактаблари усталари ўртасида тажриба алмашиш имконини берган. Бой ва ранг-баранг тадбирлар замонавий дизайндаги ҳунармандлик буюмларидан фойдаланишни акс эттирувчи мода намойиши билан бирга ихтисослашган кўргазма, маҳорат дарси ва анъанавий ҳунармандликка доир жонли намойишларни ўз ичига олгани таъкидланган. Фарғона водийсининг ўзига хослиги ва маданий анъаналарини мужассам этган фольклор, мусиқа ва бадиий чиқишлар ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотган. Қўшимча қилинишича, фестиваль фақат маданий-бадиий жиҳатлари билан чекланиб қолмай, оммабоп мусобақалар, жумладан миллий таом – палов тайёрлаш, маҳаллий кураш каби оммавий кўнгилочар тадбирларни ўз ичига олган. Шунингдек, ташриф буюрувчиларга миллий таомлар махсус павильонида асл ўзбек таомларидан татиб кўриш имкони берилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА