Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган III Халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳамда Риштон туманида ташкил этиладиган II Халқаро кулолчилик форумига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур фестиваль ва форум давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги ҳамда 2021 йил 23 августдаги қарорлари ижроси доирасида жорий йилнинг 19–21 сентябрь кунлари ўтказилиши белгиланган.
Тайёргарлик ишлари доирасида фестиваль ва форумни молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда уч кунлик дастур ишлаб чиқилиб, ташкилий ишчи гуруҳга киритилди.
[gallery-24946]
– Қўқон шаҳридаги “Ўрда” майдони ва Риштон туманидаги “Халқаро кулолчилик маркази”да павильонлар жойлашуви схемаси тайёрланди. Фестиваль совриндорлари ва иштирокчиларига топшириладиган диплом ҳамда сертификатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда маҳаллий ҳунармандларнинг иштирок тартиби ва тадбир дастурлари уюшманинг расмий сайтида эълон қилиниб, мунтазам янгиланмоқда.
Жорий йилги мазкур тадбирларда дунёнинг 70 давлатидан 278 нафар хорижий меҳмон қатнашиши режалаштирилган. Шулардан 232 нафар иштирокчи Қўқон шаҳридаги фестивалда қатнашади.
Фестиваль ва форумда юртимизнинг барча ҳудудларидан 412 нафар маҳаллий ҳунарманд ҳам иштирок этади. Улардан 369 нафари Қўқон фестивалида, 43 нафари эса Риштон кулолчилик форумида ўз ишларини намойиш этади.
Бу йилги фестивалнинг муҳим янгилиги шундаки, “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан илк бор халқаро тоифадаги савдо агентлари, брендлаштириш соҳасидаги жаҳон экспертлари, Париждаги таниқли мода мутахассислари, электрон тижорат бўйича мутахассислар, халқаро ансамбллар таклиф этилган.
Бу ташаббуслар фестивалнинг халқаро нуфузини ошириш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни бренд сифатида илгари суриш ҳамда халқаро майдонга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Фестиваль доирасида халқаро илмий-амалий конференциялар ҳам ташкил этилади. 19–20 сентябрь кунлари Қўқон давлат драма театрида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида, 20 сентябрь куни эса Риштон туманидаги Халқаро кулоллар марказида “Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида конференциялар бўлиб ўтади.
Конференциялар ҳунармандчилик соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари, тажриба ва ғоялар алмашинуви, ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Маҳаллий ҳунармандлар кулолчилик, заргарлик, мисгарлик, миллий чокиш ва тўқимачилик каби йўналишларда ўз маҳсулотларини намойиш этиб, миллий маҳсулотларимизни халқаро миқёсда тарғиб этишга ҳисса қўшади.
Фестиваль ва форум доирасида ҳунармандчилик ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазмалари, мода намойиши, ҳунармандлар кўрик-танлови, савдо-ярмаркалари, миллий ансамбль ва ижодий жамоалар чиқишлари, маҳаллий ва халқаро брендлар тақдимотлари ташкил этилади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА