Навоий вилояти ИИБда 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Турли тизимларда бўлгани каби ички ишлар органларида ҳам ёш ходимларни она Ватанга муҳаббат ҳамда хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш, истеъдодли ва истиқболли ёш кадрларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ўтказиб келинмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 1- ва 2-босқич курсантлари, фахрийлар, ходимлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
[gallery-24102]
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев бугунги кунда тизимда хизмат қилаётган ёш ходимлар ва курсантларнинг касбий ҳамда маънавий камолоти учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб, ўзининг хизмат фаолияти, дуч келган синовлари ва тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг буйруғига асосан махсус унвонлар, кўкрак нишонлари, хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг миннатдорлик хатлари ва эсдалик совғалари топширилди.
– Мана бугун ёш ходим ва ходималар, уларнинг ота-оналарига намунали хулқи ва хизмат фаолиятидаги самарали меҳнатларини инобатга олиб миннатдорлик билдирилди ҳамда ташаккурномалар берилди, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Динара Исроилова. – Уларнинг ичида менинг борлигим ҳам оиламиз учун қувонарлидир. Бугун ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бугун менга билдирилган ишончни, албатта, оқлашга, елкамдаги масъулиятли вазифани виждонан бажаришга ваъда бераман.
Учрашув сўнггида “Раҳбар билан бир кун” лойиҳаси доирасида ёш ходимлар бошқарма бошлиғининг хизмат хонасига ташриф буюрди ҳамда раҳбар курсисида ўтириб, ўзларини ушбу масъулиятли лавозим эгаси ўрнида тасаввур қилиш имкониятига эга бўлди.
Бошқарма бошлиғи ёшларга омад ва зафарлар тилаб, уларга бўш вақтларида кўпроқ китоб ўқишларини таъкидлади. Шундан сўнг уларга китоблар ҳамда эсдалик совғалари топширди.
Албатта, бу каби учрашувлар ёш кадрларни руҳлантириш ва уларнинг иш самарадорлигини янада ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/F1rGHveVwks?si=RheNegzjV2S4JBJz" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Асланов (сурати) ЎзА мухбири