Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИБ ходимлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашмоқда
15:50 / 2024-02-26

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилган эди.

Сурхондарё вилоятида мазкур топшириқлар ижроси доирасида Куч тузилмалари турли ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, ҳар тарафлама баркамол ёшларни тарбиялашга кўмаклашмоқда. 

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Музработ туманидаги Юртим жамоли маҳалласида уюштирган тадбир ҳам иштирокчилар учун таассуротларга бой бўлди. 

Мадҳиямизни жўр овозда куйлаган ёшлар маҳаллада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган “Саломатлик учун беш минг қадам” акциясини ўтказди. Марафонда маҳалланинг беш юздан ортиқ аҳолиси қатнашиб, эркин юришнинг саломатлик учун фойдаси ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди. 

Ҳарбий оркестр жўрлигида жанговар байроқни тантанали олиб чиқиш жараёни, ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, вилоят ИИБ алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг жанговар тайёргарлиги акс этган чиқишлар ва махсус воситалар, қурол-аслаҳалар кўргазмаси томошабинларнинг фахр-ифтихор туйғусини юксалтирди. Ёшларнинг Янги Ўзбекистон армияси сафларида хизмат қилишга бўлган иштиёқини янада оширди. 

Йигит-қизлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка, аримреслинг, арқон тортиш, камондан ўқ узиш, тош кўтариш мусобақалари ташкил этилди. 3-сектор кубоги учун ўтказилган футбол беллашувларида тумандаги 14 та маҳалланинг футбол жамоаси ўзаро куч синашди. Беллашувда ғолиб бўлган Юртим жамоли, Ат-Термизий, Орият маҳаллалари жамоалари вилоят ИИБ бошлиғи, учинчи сектор раҳбарининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Юртим жамоли маҳалласи ёшларига мусобақанинг кўчма кубоги топширилди.

Шу куни тадбир иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 300 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатини ўтқазди. Дошқозонларда сумалак пиширди. Тунда гулхон ёқиб, шеърхонлик кечаси ташкил этди. Бахшилар куйлаган терма ва достонлардан парчалар, қизиқарли куй-қўшиқлар барчага бир олам қувонч бағишлаб, ёш авлодда Ватанга садоқат ва тинч- осуда турмушга меҳр-муҳаббат ҳиссини юксалтирди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири