Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қувасой шаҳар Лашкар қишлоғида ИИБ участка инспектори бир фуқарони уриб жароҳат етказганлиги ҳақида хабар тарқалган. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича расмий баёнот берди.
Аниқланишича, 27.08.2022 йил соат 19:00ларда Қувасой шаҳар "Юқори Мўян" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1962 йилда туғилган фуқаро Х.Т. жамоат тартибини бузувчи ҳаракатлар содир этганлиги учун Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётган вақтда уни соғлиғи ёмонлашиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, Х.Т.нинг ўлимига “Юракнинг ишемик касаллиги, юрак тож қон томирларини ўткир етишмовчилиги, ўнг томонлама пневмония, сурункали плеврит, ошқозон ости безига қон қуйилиши, алькоголдан заҳарланиш” ташхиси қўйилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
М. Сулаймонов, ЎзА