Шу йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.
Форумни ташкил этишдан мақсад нима? Форум дастуридан қандай тадбирлар жой олган? Қайси хорижий давлат вакиллари рўйхатдан ўткан? Форум сессиялари давомида қандай мавзулар муҳокама қилинади?
Шу каби саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокида АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жавоб берилди.
Таъкидлангандек, форумнинг мақсади – ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларни муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдир.
Рекрутинг компаниялари таҳлилчилари ва экспертларининг фикрига кўра, 2025 йилга бориб юристлар бошқа бир қатор касбларнинг вакиллари каби ўзларининг аввалги шаклида ўз фаолиятини тўхтатади.
Британиялик тадқиқотчиларнинг “Ҳуқуқий касбнинг келажаги” номли ҳисоботида юридик соҳада фаолият юритаётган ҳар бир киши дуч келадиган тўртта драйвер борлиги таъкидланган. Улардан бири технологик инновациялардир. Технологик тараққиёт янги технологиялар, жумладан, «big data» (“катта маълумотлар”), онлайн-судлов, қонун ҳужжатлари таҳлили яхшиланиши орқали ҳуқуқий бозорга сезиларли таъсир қилади.
Бугунги кунда IT-технологияларнинг инсон ҳаётида кенг ўрин эгаллаши, глобаллашувнинг кучайиши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғининг кенгайиши ҳуқуқ соҳаларига ҳам бевосита таъсир ўтказаётганини, ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим эканлигини инобатга олиб, II халқаро юридик форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0” (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби шароитида) деб номланмоқда.
Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари иштироки кутилмоқда. Хусусан, Сингапур, Россия, Буюк Британия, Япония, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Шри-Ланка адлия вазирлари, Корея Республикаси ҳуқумат қонунчилиги вазири шулар жумласидан.
Шунингдек, tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали 100 нафарга яқин суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар рўйхатдан ўткан.
Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ технологиялари, умумий (инглиз) ҳуқуқ тизими, коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш, судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, форум давомида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Шунингдек, “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс ташкил этилади.
Форумнинг асосий тили ўзбек тили, инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.
Н.Абдураимова, ЎзА