Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
II халқаро Ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик бошланди
21:09 / 2023-08-10

Қўқон шаҳри жорий йилнинг 21-23 сентябрь кунлари II халқаро Ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилади. Айни кунларда мазкур нуфузли фестивални юқори савияда ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фестивалда хорижий давлатлардан маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислари, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар иштирок этади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тайёргарлик бўйича ишчи штаб йиғилишини ўтказди. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, Қўқон шаҳар секторлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Қўқон шаҳри кўчаларини комплекс ободонлаштириш бўйича масъуллар белгилаб берилди. Ҳар бир масъулга бириктирилган ҳудуддаги йўллар ва пиёдалар йўлакларининг таъмирланиши, йўл четларининг кўкаламзорлаштирилиши, ташқи фасади таъмирланиши лозим бўлган биноларнинг тартибга келтирилиши бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Фестиваль ўтказиладиган асосий жой ҳисобланган Ўрда майдони ҳудудини комплекс тайёрлаш вазифаси вилоят ҳокимининг қурилиш соҳаси бўйича ўринбосари Ҳожиқўзижон Исақовга бириктирилди. Фестиваль доирасида Қўқон шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича ҳам мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Жорий йилда Қўқон шаҳрида 150 минг тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилгани қайд этилиб, фестивалга қадар ландшафт дизайнерларини жалб қилган ҳолда шаҳар ҳудудини манзарали дарахтлар ва гуллар билан безаш кўламини кенгайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокими шаҳарнинг ёритиш тизимини ягона концепция асосида қайта кўриб чиқиш, шаҳар кўчаларига тунги иллюминацион чироқлар ўрнатиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берди. Шаҳарни фестиваль руҳига мос безатиш, Қўқон шаҳри ва чегарадош туманлардаги мавжуд меҳмонхоналардаги хизматлар сифатини ва ўринлар сонини мониторингдан ўтказиш ҳамда меҳмонхоналарни фестивалга тайёрлаш, фестиваль давомида Қўқон шаҳрида сифатли умумий овқатланиш хизматлари кўрсатилишини таъминлаш бўйича ҳам мутасаддиларга қатъий топшириқлар белгиланди.

Фестиваль доирасида иштирокчиларни кутиб олиш ва кузатиш, маданий дам олишларини ташкил этиш, таржимонлар ва гидлар бириктириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъул ижрочилар белгиланди, вазифалар тақсимлаб берилди.

Фестивални юқори савияда ёритиш, фестиваль тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича ҳам тегишли масъулларга вазифалар юклатилди.  

М.Сулаймонов, ЎзА