Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Аксилкоррупция форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Аксилкоррупция тармоғи раҳбари Жулия Фромхольцни қабул қилди.
Учрашувда томонлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик, Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги мониторинг ҳамда қўшма лойиҳалар истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, ИҲТТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Аксилкоррупция тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси 5-босқич мониторинги натижалари ҳамда ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" ижроси юзасидан мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда, шунингдек, Осиё ва Тинч океани минтақаси учун Аксилкоррупция ташаббуси (АСИ)нинг “Манфаатлар тўқнашуви” мавзусига бағишланган минтақавий конференциясини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилаётгани муҳокама қилинди.
Хорижий томон “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва хабар берувчиларни ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасини юқори баҳолади.

Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тажрибасини “Порахўрликка қарши курашиш бўйича гуруҳ” (Anti-Bribery Group)нинг глобал йиғилишида тақдим этиш таклифи илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар ҳамда мақсадларни белгилаб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА