Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“iFly” Ўзбекистонга парвозни тўхтатди
16:14 / 2022-03-06

Россиянинг iFly авиакомпанияси «Ўзавиация» агентлигига расман мурожаат қилди.

Юборилган хабар орқали 2022 йил 5 мартдан мамлакатимизга режалаштирилган барча рейслар номаълум муддатга бекор қилингани аён бўлди. Бу ҳақда “Спутник” ахборот агентлиги маълум қилди.
Йўловчиларга чипта пулини қайтариб олиш учун парвоз расмийлаштирилган авиакассага мурожаат қилиш тавсия этилган.

Маълумки, Росавиация ҳаво кемаларини ушлаб қолиш ёки ҳибсга олиш хавфи пайдо бўлгани муносабати билан хорижий реестрларда қайд этилган самолётлари бор барча маҳаллий авиакомпанияларга мамлакат ҳудудидан чиқувчи парвозларни 6 мартдан, чет элдан кириб келувчи рейсларни 8 март кунидан бекор қилишни тавсия этган.

Ҳозиргача «Аэрофлот», “S7”, “Smartavia”, «Победа», “Nordwind”, “Pegas” “Fly” ва “Azur Air” каби рус ҳаво орқали ташувчилар хорижий рейсларни тўхтатган.

Бинобарин, Россиянинг “Red Wings” авиакомпанияси Россияда ишлаб чиқарилган “SSJ100” самолётларида айрим халқаро йўналишлар бўйича, масалан, Арманистон ва Ўзбекистонга қатновни давом эттиряпти.

Коронавирус пандемияси муносабати билан 2020 йил мартда узилиб қолган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам ҳаво қатнови 2021 йил 1 апрелда тикланган. Миллий авиаташувчимиз “Uzbekistan Airways” ва Россия авиакомпанияларига тегишли парвозлардан ташқари, икки давлат ўртасида чартер рейслар ҳам амалга ошириб келинаётган эди.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, коронавирус пандемиясидан олдин бир кунда “Uzbekistan Airways” РФ шаҳарларига 87 рейс қўйган, Россия авиакомпанияларининг эса  97 самолёти мамлакатимиз турли ҳудудларига кириб келган. 2021 охирида, яъни локдаундан кейин Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари орасидаги парвозлар сони ҳафтасига 22 тани ташкил этганди.