Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Анжуманда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унинг ифлосланишининг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида 7 миллионга яқин киши вафот этмоқда.Одамларда астма сингари суранкали касалликлар, болаларнинг ақлий ривожланиши сусаймоқда. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, мамлакатларнинг ҳавонинг ифлосланишидан кўраётган зарари 5 триллион АҚШ долларини ташкил этади. Қум-туз-чанг бўронлари ва бошқа табиий жараёнлар ҳам ҳавонинг ифлосланишига олиб келади.
Ҳеч ким 5 та асосий техноген манбаларидан ҳосил бўладиган ифлосланишдан кафолатланмаган: саноат, транспорт, чиқиндилар, қишлоқ ва уй хўжалиги. Мазкур манбалардан атмосфера ҳавосига ташланаётган қатор зарарли моддалар: углерод монооксиди, қўрғошин, карбонат ангидрид гази,азот оксиди инсоният саломатлиги учун катта хавфни юзага келтиради.
[gallery-3502]
Мамлакатимизда атмосфера ҳавосини ифлослантириш даражаси бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилиши яхши маълум. Унга кўра, 2020 йилда атмосферага ташламалар миқдори 2,255 миллион тоннани ташкил қилиб, 2018 ва 2019 йилга нисбатан 7 фоизга (155,0 ва 150,0 минг тн) камайган.
Ташланмаларнинг 1,3 миллион тоннаси (58 фоиз) транспорт воситалари ҳамда 924,0 минг тоннаси (42 фоиз) саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда. Республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан республика бўйича чанг-газ тозалаш ускуналарининг носозлиги туфайли йилига 135,3 минг тонна ифлослантирувчи моддалар атмосферага тозаланмасдан ташланмоқда.
Шу сабабли 2023 йил якунига қадар, республика бўйича ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган талаблар асосида замонавий чанг-газ тутгичлари ўрнатиш ишларини амалга ошириш бўйича 53 та ишлаб чиқариш корхоналарининг қарийб 320 та ЧГТУларни модернизация қилиш, жумладан, жорий йил якунига қадар, Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Қашқадарёда 1 та, Фарғонада 1 та ва Тошкент вилоятида 2 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида жами 37 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш ҳисобига уларнинг самарадорлигини янада ошириш белгиланди.Хусусан анжуманда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Республикада чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб ташлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳамда чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида 2019-2028 йилларга мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланган.
Бугунги кунда республика ҳудудида ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 21 фоизи қайта ишланмоқда.
Жорий йил якунига қадар ДХШ лойиҳаларини кенг жорий этиш орқали маҳаллаларни санитар- тозалаш хизматлари билан 100 фоизга қамраб олиш, қайта ишлаш даражасини 36 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда ва маиший чиқинди полигонларини тартибга келтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, 104 та полигон тартибга келтирилди. 128 та полигонда рекультивация ишлари бажарилди. Фойдаланишда бўлмаган 36 та полигон рекультивация қилинди, ёпилди ҳамда ҳокимлик ер захирасига топширилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА