Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ифлосланган ҳаво эрта ўлим ва ақлий заифликни юзага келтириши мумкин
15:00 / 2025-11-25

Бугунги кунда бутун Ер шарида қурғоқчилик, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби кўплаб экологик муаммолар хавфи ортиб бормоқда.

Бир неча кундан буён пойтахт Тошкент шаҳри ва бир қатор ҳудудларда атмосфера ҳавоси ниҳоятда зарарли ҳолатга келиб қолгани кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бу борада бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, Президентнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ, Тошкeнт шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кeчиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди ва бир қатор чоралар кўрилиши белгилаб берилди.  

Шу ўринда ҳаво ифлосланишининг инсон саломатлигига салбий таъсирлари борлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳаво ифлосланиши инсон саломатлиги учун энг катта экологик хавф омили ҳисобланади ва эрта ўлим ҳолатларининг ортишига сабаб бўлади. Паст сифатли ҳавонинг юрак-қон томир ва нафас тизимига зарарли таъсири кенг тан олинган.  

Олимларнинг аниқлашича, юқори концентрациядаги майда заррачалар (ПМ) нафас йўллари, аллергия каби хасталикларни ривожлантириши билан бирга, инсоннинг вазифаларга эътибор қаратиш қобилиятини ҳам заифлаштириши, диққатни жамлаш хусусиятини пасайтириши, ақлий заифликни юзага келтириши мумкин.  

Биламизки, ПМ2.5 инсон саломатлигига энг катта хавф туғдирувчи ҳаводаги ифлослантирувчи модда. Статистик маълумотларга кўра, 2015 йилнинг ўзида ушбу заррачаларга боғлиқ ҳолда 4,2 миллион ўлим ҳолати қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу заррачалар учун кунлик ва йиллик миқдорлар 15 μг/м³ ва 5 μг/м³ дан ошмаслиги кераклигини тавсия қилади.

Халқаро тадқиқотлардан маълум бўлишича, ифлосланган ҳаво таъсири мияда патологик жараёнларини қўзғатиши мумкин. ПМ2.5 майда дисперсли ҳаво ифлослантирувчиларининг таъсири мияда оқсилларнинг нотўғри йиғилишига олиб келади. Оқибатда эса асаб ҳужайраларини парчалайдиган патологик тўпламлар пайдо бўлади ва мия бўйлаб тарқалади.

Албатта, бу борадаги тадқиқотлар ифлосланган ҳаво таъсиридан ўзимизни жиддий равишда ҳимоя қилиш зарурлигини тақозо этади. Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш чораларини кўриш, ён-атрофимизда яшилликни кўпайтириш, мавжуд яшил майдонларни ҳимоя қилишимиз лозимлигини яна бир бор уқтиради.

Муҳтарама Комилова, ЎзА