Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига кўра, 2025 йилнинг октябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 31,9 фоизга ортиб, 1319 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:
– хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидаги операциялар сони бўйича компонент 6,3 фоизга ошган;
– товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 73,8 фоизга ортган;
– фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1 фоизга ортган;
– товар белгилари бўйича компонент 0,7 фоизга камайган.
2025 йил октябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси барча ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Қашқадарё (69,2 фоиз), Сурхондарё (44,8 фоиз), Тошкент шаҳри (43,0 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (42,1 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
2025 йил октябрь ойида банклараро тўлов операциялари сони 6 571,4 мингтани ташкил этди ва 2025 йилнинг сентябрь ойига нисбатан 386,8 минг транзакцияга (6,2 фоиз) ошган.
2025 йил октябрь ойида республиканинг 12 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Сирдарё (12,0 фоиз), Қашқадарё (10,2 фоиз), Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида (7,8 фоиз) ўсиш кузатилган. Бу кўрсаткич, Андижон (-8,4 фоиз) ва Фарғона (0,3 фоиз) вилоятларида камайган.
2025 йилнинг октябрь ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,7384 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 73,8 фоизга ортганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 91,1 фоизга ва тузилган битимлар сони 56,6 фоизга ортганлиги билан изоҳланади.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил октябрь ойида 7 246,8 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 10,4 фоизга ортган.
Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил октябрь ойида 1,0098 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 1,0 фоизга ортган. Бунда 2025 йил октябрь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (482 209 бирлик) нисбатан 5 554 бирликка ортиб, 487 763 бирликни ташкил этган.
Ушбу даврда, кичик корхоналар сони 390 315 тадан 395 777 тага, фермер хўжаликлари сони 87 888 тадан 87 952 тагача (64 та), йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 4 034 тани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 28 тага ортган.
2025 йил октябрь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 0,9934 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан -0,7 фоизга камайган. 2025 йилнинг октябрь ойида юридик шахслар томонидан 450 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА