Айни кунларда 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, “Навоий ИЭС” АЖда 450 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмасида кенг кўламли инспекция ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнларда Япониянинг “Mitsubishi Generator” компанияси, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ҳамда “Ўзэнергосозлаш” МЧЖ мутахассислари жалб этилган бўлиб, қурилманинг асосий ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатмасдан, хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича техник кўрик ишлари олиб бориляпти.
– Бу каби инспекция ва профилактик тадбирлар орқали биз янги мавсумда ишончли энергия таъминотини кафолатлаймиз. Бу лойиҳа нафақат вилоят, балки мамлакат миқёсидаги муҳим энергетика манбаи ҳисобланади. Техник хизмат кўрсатиш доирасида қурилмага тегишли қувват трансформатори ва иссиқлик ўлчов воситалари тўлиқ қиёслаш ва мослаш ишларидан ўтказилди. Хусусан, “Ўзэнергосозлаш” МЧЖнинг метрология ва асбобларни таъмирлаш бўлими мутахассислари қурилма кўрсаткичларини белгиланган стандартларга мувофиқлаштирди, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Салимёров.
Қайд этиш керакки, бугун буғ-газ қурилмалари Ўзбекистон энергетика тизимида стратегик аҳамият касб этади. Шу боис, уларнинг ишончли ишлаши ва узлуксиз фаолияти учун ҳар бир босқичда халқаро мезонларга мувофиқ текширувлар амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, мазкур қурилмада инспекция ишлари жорий йилнинг 11 май санасига қадар якунланиши режалаштирилган. Шундан сўнг қурилма тўлиқ қувват билан электр тармоғига уланиб, аҳоли ва саноат тармоқларини барқарор электр таъминоти билан таъминлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА