Япониямиллий валютаси – иена сўнгги икки ой ичида энг юқори даражага кўтарилди ва бу ҳаракат тасодиф эмаслиги тобора аниқ бўлиб бормоқда, деб хабар берди “Reuters” нашри.
Иқтисодчилар фикрича, иена долларга нисбатан бир кунда 1 фоиздан ортиқ мустаҳкамланган. Бу фонд ва валюта бозорларида занжирли реакция келтириб чиқарди: доллар позициялари қисқарди, евро, фунт, Австралия ва Янги Зеландия доллари кўтарилди. Доллар индексининг пасайиши эса инвесторлар ишончи қанчалик нозик паллада эканини кўрсатди.
Манбалар Нью-Йорк Федерал резерв банки доллар–иена курсларини бозор иштирокчилари билан текширганини тасдиқлади. Молиявий амалиётда бу оддий техник қадам эмас — одатда у бозорга тўғридан-тўғри аралашувдан олдинги огоҳлантирувчи белги сифатида қабул қилинади. Қизиқ жиҳати, АҚШ Марказий банки сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичида бундай ишни амалга оширмаган эди.
Япония расмийлари расмий баёнотларда ҳозирча эҳтиёткор. Шунга қарамай, “керакли чоралар кўрилади” деган жумла бозор учун етарлича равшан бўлди. Натижада инвесторлар шошилинч равишда иенани сотиб олишга мажбур бўлди ва валюта қисқа фурсатда кескин мустаҳкамланди.

Бу жараён фонида Қўшма Штатларда сиёсий ва институционал ноаниқликлар кучаймоқда. Хусусан, Федерал резерв раҳбарининг алмашиши кутилаётгани, ички сиёсий кескинлик ва савдо урушлари эҳтимоли доллар жозибасини пасайтирмоқда. Олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар тарихий рекордларни янгилаётгани ҳам инвесторлар “хавфсиз бандаргоҳ” излаётганидан далолат.
Таҳлилчилар бу ҳолатни оддий бозор тебраниши эмас, балки кенгроқ геоиқтисодий жараёнларнинг бошланиши сифатида баҳоламоқда. Валюта курслари энди фақат иқтисод эмас — сиёсат, ишонч ва глобал кучлар мувозанатининг бевосита аксига айланмоқда.
Иенадаги бу ўзгариш шуни кўрсатдики, баъзан бир валютанинг ”сакраши” бутун дунё молиявий тизимида хавотирли саволларни уйғотиши мумкин. Бозорлар эса ҳозир айнан шу саволларга жавоб кутмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА