Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро Республика ишчи гуруҳи ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ҳамда “маҳаллабай” ишлаш дастурларининг ижроси борасидаги ўрганишларини Бухоро вилоятида олиб бормоқда.
Шунингдек, жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, аниқланган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун маҳаллаларда ташкил этилган бешлик фаолияти ўрганилмоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари вилоятнинг Ғиждувон, Жондор, Когон, Олот, Пешку, Қоракўл, Ромитан, Вобкент туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳудудларида бўлиб, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар нисбатан ошган 122 “қизил” тоифага киритилган маҳаллалардаги ижтимоий-сиёсий вазият, содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ раҳбари Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Бухоро шаҳрининг “Ёшлик” ва “Мухтор Ашрафий” маҳалларида, Когон шаҳрининг “Адолат” маҳалласида, шунингдек, Бухоро туманининг “Наврўз” маҳаллаларида бўлди. Содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиши, уларга олиб келувчи сабаб ва шароитлари, уларни бартараф этиш масалаларининг таҳлили ҳамда келгусида криминоген шароитни яхшилаш борасидаги тақдимотлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ томонидан маҳалла ҳудудидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолатидан келиб чиқиб маҳаллада бешликнинг ҳамкорликдаги фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллий аҳолининг мурожаатлари ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш ишларини жадаллаштириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 31- умумтаълим мактаби ҳудудида ташкил этилган сунъий қопламали футбол стадиони, кутубхона ва тикув цехи фаолияти билан танишилди. Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиш ва фаол ҳаёт тарзи билан шуғуллантириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида хавфсиз ҳудуд тамойили асосида маҳаллаларни тўлиқ камералаштириш, тунги патруллик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Ўрганиш ишлари давомида ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда истиқомат қилаётган ёлғиз кексалар ҳамда нуронийлар, шунингдек, тизимда узоқ йиллар меҳнат қилиб бугун хасталиги туфайли ётоқда қолган фуқаролар ҳолидан ҳам хабар олинди.
Зариф Комилов, ЎзА