Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“ICTWeek Uzbekistan-2025” AKT ҳафталиги бошланди
17:00 / 2025-09-23

Бугун пойтахтимизда “ICTWeek Uzbekistan-2025” AKT ҳафталиги бошланди.

Тадбирни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз нутқи билан очиб берди.

– Рақамлаштириш миссиясини Президентимиз жамоамизга юклаган пайтда олдимизда турган асосий савол шундай эди: мамлакат ичида қандай қилиб юқори маошли иш ўринларини яратиш мумкин? Ўзбекистон ўз фуқаролари иш излаб хорижга чиқиб кетмаслиги учун шарт-шароит яратиб, компанияларни айнан шу ерга жалб қилиш сиёсатини танлади. Бугун эса биз ана шу келажакка қаратилган ёндашувнинг натижаларини кўриб турибмиз.

[gallery-25415]

Ўзбекистон халқаро майдонда жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда у нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсида ҳам энг тез ўсиб бораётган мамлакатлардан бирига айланди – деди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, вазир тадбир доирасида хорижий делегация ва компания етакчилари ва фахрий меҳмонлар билан биргаликда “CAEx” мажмуасида ташкил этилган “ICT Expo” кўргазмаси билан танишди.

“ICT Expo” кўргазмаси – ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида миллий ва халқаро ишланмалар ва ютуқларни намойиш этишга қаратилган халқаро кўргазма ҳисобланади.

Ҳар йили ўтказиладиган мазкур ҳафталик ёшлар учун янги ғоя ва илҳом манбаига айланади. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган “ICT Expo” каби кўргазмалар орқали дунёдаги энг сўнгги ахборот-коммуникация технологиялари билан яқиндан танишиш, уларни мамлакатимиз шароитига татбиқ қилиш имкони пайдо бўлади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА