Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички йўллар равон бўлмоқда
17:26 / 2024-09-20

Қарор ва ижро

Йўлларнинг равон бўлиши ҳам пиёдалар ҳам ҳайдовчилар учун қулайликларга яратади. Ҳозир мамлакатимизда магистрал йўллар билан бирга ички йўлларни ҳам асфальтлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. 

Ўз навбатида фуқаролар томонидан тегишли ташкилотларга бўлаётган мурожаатларининг аксарияти айнан йўллар билан боғлиқ муаммолардир. Бу ўз навбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини янада кенгайтиришни талаб этмоқда. 

Президентимизнинг 2023 йил 12 декабрдаги “2024 – 2026-йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Жорий йил бошидан бери тасдиқланган давлат дастурлари бўйича жами Тошкент вилоятининг 127 та маҳаллаларида 208,1 миллиард сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 342,4 километр узунликдаги йўллар фойдаланишга топширилди. Жумладан, Янги Ўзбекистон массивлари дастури доирасида 16,3 миллиард сўм миқдорида ишлар бажарилди. 

Ички йўлларни таъмирлаш дастури доирасида 5 та маҳаллада 2,2 миллиард сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 2,9 километр ички йўллар таъмирланди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 23 та маҳаллада жами 17,7 миллиард сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 19,9 километр ички йўллар соз ҳолатга келтирилди. 

Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилнинг 1-босқичи доирасида 80 та маҳалланинг 245,1 километр ички йўллари янгиланди. Шу билан бирга, ҳашар йўли билан вилоят ҳудудидаги ички кўчалар шағаллаштирилди. 

Тошкент вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси буюртмачилигида Паркент тумани 4к718 “Шампан қ. – Санганак қ.” автомобиль йўлининг 1500-метр қисмида ва 4Н703 “Паркент ш. – Самсарак қ. – Отчопган” автомобиль йўлининг 4500-метр қисмида асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. Бунинг натижасида ҳудудга келувчи сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига қўшимча қулайлик яратилди. 

“Қорабўрик” маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент туманидаги чекка ҳудудлардан бири бўлиб, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. Шу сабабли, бу ерда қозоқ миллатига мансуб фуқаролар 35 фоизни ташкил қилади. 

– Бу ердаги 14 та кўча мавжуд, – дейди туман ҳокимлиги бош маслаҳатчиси Бобур Давлетов. – 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Чинор-1, Чинор-6, Чинор-7, Жамбул-1, Жамбул-3, Жамбул-5 ва Қорабўрик кўчаларининг жами 4,7 километр ички йўли Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари қарори билан ажратилган икки миллиард сўм маблағ эвазига асфальтлаштирилди. Умуман олганда, бу каби ишлар бошқа жойларда ҳам давом этмоқда. 

Чиноз туманидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ҳам бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, Ҳамза, Ҳумо, А.Навоий, Қози, Эшонобод, Янги ҳаёт, Очамайли, Наврўз, Чинмасжид маҳаллаларнинг ички йўллари таъмирланди. Илгари чанг ва лой бўлган йўллар ҳозирда кенг ва равон ҳолга келтирилди. Қилинаётган бунёдкорлик ишлардан аҳоли ҳам мамнун бўлмоқда. 

А.Мусаев,ЎзА.