Боёвут туманидаги “Миришкор” маҳалласи аҳолиси узоқ йиллар давомида қийнаб келган йўл муаммосидан қутулди. “Бирлашган” кўчасининг 2 минг 700 метрдан ортиқ қисми замонавий асфальт бетон қотишмаси билан қопланди. Бу ўзгариш маҳалладаги турмуш фаровонлигига сезиларли таъсир кўрсатди.
– Ушбу ишлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Орифжон Бектўраев. – Лойиҳа маҳаллаларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ҳаётини енгиллаштириш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Йўл муаммоси бир кунлик масала эмас, у узоқ йиллардан бери аҳолимизни ташвишга солиб келган. Ёзда бу унчалик сезилмас эди, аммо қишда ва ёғингарчилик кунларида қийинчиликлар аниқ кўринади. Энди эса бу муаммолар ортда қолди, йўл асфальтланди ва “Бирлашган” кўчасидаги аҳоли учун қулай муҳит яратилди.

Маҳаллада 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар узоқ йиллар давомида хароб бўлган йўллардан юриб, қийналишди. Ҳозир эса маҳалла аҳолиси текис йўлларни кўриб, хурсанд бўлишмоқда, йўл қурганларга раҳмат айтишмоқда.


Муҳими, бу иш маҳалла аҳлининг бирдамлиги ва ташаббускорлиги билан амалга оширилди, – дейди Орифжон Бектураев. – Аҳоли фаоллиги ва ҳамжиҳатлиги бундай ижобий ўзгаришларнинг асоси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири