Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички туризм: сирдарёлик энергетиклар Тошкентда
17:51 / 2026-02-02

Бугунги кунда туризм соҳаси нафақат мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми, балки ижтимоий ва маданий ривожланишнинг ҳам асосий омили сифатида қаралади. Ички туризм эса маҳаллий аҳоли ва туристлар учун янги имкониятлар очиб, мамлакатнинг турли ҳудудларини кенгроқ таниш ва ўрганиш имконини беради.

Бу йўналиш нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки маҳаллий анъаналарни сақлаш, табиий ва маданий меросни тарғиб қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нурпеис Бердалиевнинг қайд этишича, мазкур тизимдаги корхоналар ходимлари учун мамлакатимиздаги тарихий жойларга саёҳатларни ташкил қилиш тизимли олиб борилмоқда.

–Маълумки, Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий ва табиий мероси, турли табиат манзаралари ички туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга, –деди Н.Бердалиев. – Қишлоқ ва шаҳар туризми, маданий ва таълимий йўналишлар, экотуризм ва спорт туризми каби имкониятлар мамлакат иқтисодиётига янги импульс беради ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратади. Шу сабабли, ички туризмни ривожлантириш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланмоқда.

Ички туризмнинг ривожланиши натижасида нафақат иқтисодий самарадорликка эришилади, балки мамлакатнинг барқарор ижтимоий ва маданий тараққиётини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Шу сабабли, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан юртимизда ички туризмни янада ривожлантириш ва бой маданий меросни тақдим этиш мақсадида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда “Сирдарё ИЭС” ходимлари учун ана шундай махсус саёҳат ташкил этилди. Бу ташаббус нафақат ходимларни дам олишлари билан таъминлаш, балки уларнинг маданий билим ва дунёқарашини кенгайтиришга ҳам қаратилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган саёҳат давомида Сирдарё ИЭС корхонасининг 25 нафар ишчи-ходими Тошкент шаҳрига келди. Уларнинг сафари давомида иштирокчилар “Занги ота”, “Ҳазрати Имом” (Ислом цивилизацияси маркази) мажмуаси, “Ғалаба боғи”, “Magic City”, “Тошкент телеминораси” каби энг диққатга сазовор масканлар билан яқиндан танишди.

Биз учун ходимларнинг дам олиши ва уларнинг маданий ҳамда маънавий ривожи муҳим. Бундай саёҳатлар ишчи-ходимларда ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлайди, юртга садоқат ва аждодлар меросига ҳурматни оширади. Шунингдек, уларга мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий меросини яқиндан кўриш имконини беради. Биз бундай ташаббусларни мунтазам равишда давом эттиришни режалаштирмоқдамиз.

Мухтасар айтганда, бу каби тадбирлар нафақат ходимлар учун дам олиш ва маданий ривожланиш имконини яратади, балки жамоадаги ижодий руҳни мустаҳкамлаб, корхона фаолиятида ишчанлик ва ҳамжиҳатликни оширишга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА