Президентимизнинг ички туризмни ривожлантиришга оид топшириғи ижроси доирасида Сирдарё вилоятида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ички туризмни ривожлантириш дастури асосида Ховос тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ хотин-қизлар учун Хоразм вилоятига саёҳат уюштирилди.

Туманнинг Қаҳрамон, Ҳуснобод, Бўстон ва Бинокор маҳаллаларидан сафарга чиққан аёллар Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Жума масжиди, Тош Ҳовли саройи, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси каби тарихий ёдгорликлар билан танишдилар.
– Бу ҳаётимдаги энг эсда қоларли кунлардан бири бўлди. Миллий меросимизга бўлган ҳурматим янада ошди, – дейди Ҳуснобод маҳалласида яшовчи Маҳлиё Маманова. – Хивада кўрганларим менга фахр бағишлади. Момо ва боболаримиздан мерос бўлиб қолган ҳунармандчилик буюмлари — гиламлар, қўлда ишланган заргарлик буюмлари, нақшинкор мис анжомлар нафақат гўзал, балки улар ортида тарих, анъана ва руҳ бор. Ҳар бир буюм гўё ўз қиссасини сўзлаётгандек. Халқимизнинг бундай бой маданияти билан юзма-юз келганимдан жуда мамнун бўлдим.

Сафар иштирокчилари миллий ҳунармандчилик марказларида ҳам бўлиб гиламчилик, кулолчилик, заргарлик, мисгарлик, чеварлик ва сўзанадўзлик каби амалий санъат турлари билан танишишди. Бу саёҳат нафақат дам олиш, балки тарих ва миллий қадриятлар билан бевосита танишиш имконини бергани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, бундай ташаббуслар хотин-қизларнинг руҳий қувватини тиклаш, ҳаётга нисбатан ижобий муносабатларини шакллантириш ва жамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири