Сирдарё вилояти Боёвут туманида маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички кўчаларни таъмирлаш ҳамда пиёдалар ва соғломлаштириш йўлакларини барпо этиш ишлари тизимли тарзда олиб борилмоқда.
Ўтган 2025 йил давомида 25 та маҳаллада жами 33 та ички кўча таъмирланиб, 28 000 метр масофага тош-шағал қопламаси ётқизилди. Шунингдек, 2 553 метр пиёдалар йўлакчаси ва 2 000 метр соғломлаштириш йўлакчалари фойдаланишга топширилди. Энг асосийси, бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттириляпти.

– Ички кўчаларни ободонлаштириш жараёни манзилли рўйхат асосида амалга оширилмоқда, – дейди туман Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари Ином Бабабеков. – Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли турмуши ва инфратузилма ҳолати ўрганилиб, таъмирга муҳтож йўллар аниқланмоқда ва улар босқичма-босқич таъмирланиб борилмоқда.

Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари аҳоли учун ҳаракатланишни осонлаштириб, фақат хавфсизликни таъминлаб қолмай, айниқса ёғингарчилик мавсумида кўчаларда юзага келадиган ноқулайликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам бермоқда.

Боёвутда олиб борилаётган инфратузилма ва бунёдкорлик ишлари аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий объектларга олиб борувчи йўлларни қулайлаштириш ҳамда маҳаллаларни обод қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир таъмирланган йўл ва барпо этилган йўлак маҳалла аҳолиси учун замонавий ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган амалий натижа сифатида баҳоланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири