Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик Акмал Нурнинг “Ичимдаги ичимдадир” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг сўнгги 5 йил мобайнида яратган 70 та асари ўрин олди.
Маълумки, Акмал Нур лирик-романтик ва фалсафий-таҳлилий услубда таъсирчан картиналар яратиб келаётган мамлакатимизнинг етакчи рассомларидан биридир. Шарқ мумтоз адабиёти ҳам, замонавий ўзбек адибларининг лирикаси ҳам унинг асарларида ўзига хос маҳорат билан ифодаланади.
Рассом Шарқ шеърияти ва халқ оғзаки ижодининг турли рамзий ва аллегорик образларидан фойдаланади. Булар анор ва олма мевалари, ой ёки ярим ой, дарё, балиқ, қайиқ кабилардир.
Акмал Нур ижодида эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик, зулмат тўқнашуви, бунда эзгулик ва ёруғликнинг тантанаси, маънавий қадриятлар тараннум этилади, мустақиллик олиб келган ўзгаришлар, муҳаббат, оилавий бахт-саодат, инсоф ва диёнат ўз аксини топади.
Рассом ижодининг илк палласидаёқ халқ севган мавзуларга, миллий хусусиятларга алоҳида диққатни қаратди. Оддий томошабин мусаввир асарларидаги жозибали тасвирнинг ранглару шаклларига мафтун бўлса, ҳақиқий мухлис унинг асари тасвири юзидаги пардани аста кўтариб, асл гўзалликда яширинган маъною мажозларни кўра олади, унга сингдирилган мазмунни англайди.
Акмал Нур 1987 йилдан республика ва халқаро кўргазмаларда асарлари билан иштирок этади. Асарлари республикамиз ва хорижий мамлакатлар: Швейцария, Нидерландия, Германия, Бельгия, Австралия, АҚШ, Исроил, Канада, Марокаш, Ҳиндистон, Туркия музейлари ва хусусий коллекцияларда сақланади.
Рангтасвир устаси Акмал Нур Ўзбекистон Бадиий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (2003), Давлат мукофоти лауреати (2001), “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2019), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг эзгу ният элчиси” фахрий унвони (2023) соҳибидир. Япония императорининг “Чиқаётган қуёш ордени, Олтин нурли бўйин тасмаси” ордени билан тақдирланган (2024).
Гулноза Бобоева, ЎзА