Ички ишлар вазирлиги: Жиноятлар сони 32,1 фоизга камайди (онлайн)
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ички ишлар вазирлигининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилмоқда.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ички ишлар вазирлигининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилмоқда.
Ушбу масала юзасидан маъруза қилган Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов “жиноятчиликни жиловлаш”, содир этилган жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Хусусан, жорий йилнинг олти ойи якунига кўра, содир этилган умумий жиноятлар сони 32,1 фоизга камайган. Яъни ўтган йил шу даврда 21 минг 568 та жиноят содир бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 14 минг 633 тани ташкил этган. Жиноят қидирув йўналишида 41,7 фоиз камайишга эришилган.
Жиноят турларидан қотиллик 28,8 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 33,2 фоизга, босқинчилик 44,2 фоизга, талончилик 55,6 фоизга, ўғрилик 60,9 фоизга, фирибгарлик 46,5 фоизга, безорилик 50,1 фоизга, ўлим билан йул-транспорт ҳодисалари 10,8 фоизга камайган.

9 минг 93 маҳалланинг 63 фоизида бирорта жиноят содир этилмади.
Бундай натижаларга ички ишлар органларида давом эттирилаётган ислоҳотлар, давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорликдаги фаолияти туфайли эришилган.
Президентимиз топшириғига мувофиқ 2018 йилда фош этилмасдан қолган 3 минг 737 жиноятнинг 2 минг 366 таси фош этилди ва қидирувдаги 343 нафар шахс ушланди.
Аввалги йилларда фош этилмасдан қолган 13 мингдан ортиқ жиноятлар очилди. Қидирувдаги мингдан зиёд жиноятчи қўлга олинди.
Ёшлар бандлигини таъминлашга эътибор кучайтирилиши натижасида жиноятга қўл урган ёшлар сони 1 минг 832 тага ёки 23,5 фоизга камайди.