Самарқанд вилоятида “пойтахт намунаси” асосида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган манзилли чора-тадбирлар Республика Ички ишлар вазири А.Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш бўлими томонидан объектларни марказлаштирилган қўриқлаш пультига улаш ва уларни техник қўриқловга олиш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Масъулларга аҳолининг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш, қўриқлаш хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича аниқ ва устувор вазифалар белгилаб берилди.

Самарқанд шаҳрида криминоген вазияти оғир бўлган Расадхона маҳалласида ўтказилган ўрганиш ишлари чоғида жиноятчилик ҳолатига бевосита таъсир кўрсатувчи “Самарқанд–Тошкент” ва “Самарқанд–Бухоро” йўналишларида жойлашган автовокзаллари фаолияти билан яқиндан танишилди. Ички ишлар вазири томонидан мазкур объектларда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқаролар ва йўловчиларнинг осойишталигини таъминлаш мақсадида огоҳлантирувчи техник воситаларни ўрнатиш, патрул-пост хизмати учун махсус жиҳозланган назорат масканлари ташкил этиш, шунингдек, аҳолини доимий равишда ҳушёрликка чорловчи тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Пастдарғом, Иштихон, Пайариқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги оғир тоифадаги маҳаллалар, таълим муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ўтказилган ўрганиш ишлари давомида мазкур масканларда аҳоли осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш, профилактика тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига сўзсиз ва тўлиқ риоя этиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланди.

Вазирлик раҳбарлари ИИВ жазони ижро этиш департаменти 7-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини кўздан кечирди. Шу билан бирга, ҳибсхонада олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўрганилиб, уларни белгиланган муддатларда сифатли якунлаш ҳамда ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ яқин кунларга фойдаланишга топширилиши кутилаётган Имом Бухорий мажмуасида ҳам бўлиб, бу ерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, улар учун хавфсиз, қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш масалаларини ўрганди.

Ички ишлар вазири сайёҳлар оқими ортиб боришини инобатга олган ҳолда автотураргоҳлар сиғимини кенгайтириш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Ушбу ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган Пайариқ тумани ИИБ 2-ички ишлар бўлинмасида ходимларнинг туну кун самарали хизмат олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан уч сменали, узлуксиз хизматни ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишиб, ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилади.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири