Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорнинг асосий мақсади:
а) давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, таълим муассасаларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини замонавий усуллар ҳамда рақамли технологиялар имкониятлари орқали қўриқлаш тизимини йўлга қўйиш;
б) ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишларидаги вазифалари билан узвий равишда ягона ёндашувда амалга ошириш учун самарали механизмларни жорий этишдан иборат.
Қарор билан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ва унинг бўлимлари зиммасига "Сифат, ишонч, хавфсизлик" тамойилига мувофиқ қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:
а) шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, таълим муассасаларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлаш;
б) жамоат жойларида жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида жамоат тартибини сақлаш бўйича қўриқлаш-патруллик хизматларини кўрсатиш;
в) қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат-ўтказиш режимларини таъминлаш, шунингдек, уларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятлар содир этилишига чек қўйиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш;
г) жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари соҳавий хизматларига ҳар томонлама кўмаклашиш;
д) қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни юритиш, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Департамент Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва тармоқ бўлинмаларининг, Ички ишлар вазирлиги эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари минтақавий ўқув марказларининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
ЎзА