Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантларнинг битирув маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирни академия бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамов кириш сўзи билан очди.
Жорий йил академиянинг кундузги таълим йўналишини 7 та ихтисослик йўналиши бўйича 600 нафардан ортиқ курсант тамомлади. Ўтган уч йил мобайнида улар ўзлари танлаган мутахассислик бўйича замон талаблари даражасида таълим олди. Машғулотлар миллий ва хорижий тажрибанинг илғор ёндашувлари асосида олиб борилди. Таълимнинг амалиёт билан уйғунлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув тезкор-тергов гуруҳлари, ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда онлайн маҳорат машғулотлари ҳамда базавий амалиётлар йўлга қўйилди.

Айниқса, битируволди ўтказилган “Финал” комплекс ўқув машғулотлари курсантлар учун келгусидаги хизмат фаолиятида зарур бўлган амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ўқув йили якунида улар давлат аттестация имтиҳонларини топшириб, малакавий диплом ишларини ҳимоя қилдилар.
Тадбирда кундузги таълимни “тезкор-қидирув фаолияти”, “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти”, “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича тамомлаган курсантларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Улар орасидан 24 нафар курсант имтиёзли диплом, 2 нафари эса “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланди.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмонов битирувчиларни табриклаб, тизим учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар касбий билим, интеллектуал салоҳият, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, она Ватанимиз тақдирига дахлдор фидойи ёшларни камол топтиришда муҳим пойдевор бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу куни битирувчилардан Гулжон Маратова, Севдиёр Абдуназаров, ота-оналар номидан эса Муҳайё Содиқовалар сўз олиб, давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси йўлида қилинаётган эзгу ишлар ва улкан ислоҳотларни эътироф этди.

Тадбир она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқ ҳамда битирувчиларнинг тантанавор марши билан якунланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА