Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар вазирлиги академияси жамоаси билан Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди
15:56 / 2022-05-22

Маълумки, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан доимий равишда мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, турли даражадаги ташкилотлар ходимлари учун 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган тақдимотлар ўтказиб келинмоқда.

Навбатдаги ана шундай тақдимот 2022 йилнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси таклифига биноан академиянинг профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда тингловчилари учун ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан ўтказилган тақдимотда Тараққиёт стратегияси мамлакат тараққиётини тўлақонли таъминлаб беришга қаратилган еттита йўналиш ва юзта мақсадларни ўзида жамлаганлиги, бунда бугунги глобаллашув жараёнидан келиб чиққан ҳолда Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли равишда алоҳида икки йўналиш қўшилганлиги таъкидланди.

Ушбу мақсадларнинг амалга оширилиши Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириб, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир.

Тадбир давомида жамият тинчлиги, қонунлар ижроси учун ҳисса қўшадиган кадрларни етиштириб беришда ўз ўрнига эга бўлган академия жамоаси фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган, биринчи – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда иккинчи – мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишлари доирасидаги мақсад ва вазифаларнинг туб моҳияти янада кенгроқ очиб берилди.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 16-мақсадида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш кўзда тутилган бўлса, 17-мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган мақсадлар белгиланган.

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, 2022 йилги Давлат дастури доирасида “Е-патруль” тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилиб, барча маълумотларни жойида текшириш йўлга қўйилади. Бунда, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти “бодикамера” ёрдамида назорат қилиб борилади.

Тақдимот якунида академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан фуқароларни ўз вақтида ва самарали таништириб боришда “Тараққиёт стратегияси” марказининг алоҳида ўрни борлиги эътироф этилиб, Марказ ҳамда академия ҳамкорлигида бу каби тадбирларни мунтазам ташкил этиб боришни йўлга қўйишга келишиб олинди.

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА