“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда магистр тингловчилари учун “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси махсус курсининг предмети, мақсади ва вазифалари” мавзусида маъруза қилди.
Маъруза аввалида Тараққиёт стратегияси мамлакат тараққиётини тўлақонли таъминлаб беришга қаратилган еттита йўналиш ва юзта мақсадни ўзида жамлаганлиги, бунда бугунги глобаллашув жараёнидан ҳамда Ҳаракатлар стратегияси доирасида тўпланган тажрибадан келиб чиққан ҳолда алоҳида икки йўналиш қўшилганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу ҳужжат қабул қилинишидан аввал нафақат халқимиз, шу билан бирга, халқаро жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилгани ва бу жараёнда Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият кўрсатиб келаётган соҳа фидойилари ҳам фаол иштирок этганлиги таъкидланди. Шундан сўнг тингловчилар учун Тараққиёт стратегиясининг мақсадлари ва улар доирасида назарда тутилган кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумот берилди.
Хусусан, ушбу мақсадларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир. Жумладан, маҳалла институтини жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш ҳамда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга қаратилган мақсадлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, маъруза давомида бугунги кунда жамият тинчлиги, қонунлар ижроси билан бир қаторда давлат бошқарувида ҳам маълум бир вазифаларни бажариб келаётган ички ишлар ходимлари фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган мақсадларнинг мазмун-моҳияти янада кенгроқ очиб берилди.
Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 16-мақсадида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш кўзда тутилган. Бунда жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан, замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш амалиётидан воз кечиш кўзда тутилган.

Ушбу мақсаднинг узвий давоми сифатида 17-мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган чоралар белгиланган.
Айни вақтга қадар ушбу мақсадларнинг босқичма-босқич тизим фаолиятига жорий этилиши фуқароларнинг соҳа ходимларига нисбатан муносабати ўзгариб, фуқаро ва ИИВ ходими ўртасида ортиқча оворагарчилик ва тушунмовчиликларсиз мулоқот ўтказилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маъруза якунида Э.Туляков академия тингловчилари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди, шунингдек, уларнинг Тараққиёт стратегияси мақсадлари юзасидан билдирган фикр ва мулоҳазалари тингланди.
ЎзА