Ички ишлар вазирлиги томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, ҳуқуқий муаммоларини ҳал этиш, хизмат фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида фуқаролар қабуллари ўтказиб келинмоқда.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг навбатдаги шахсий қабули давлатимиз раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган топшириқлари ижросини таъминлашга қаратилди.
Қабул жараёнида юртдошларимиздан 367 мурожаат келиб тушди. Уларнинг асосий қисми тизим ходимларининг хизмат фаолияти давомида фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги муаммолар, турли масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ.

Айрим ҳудудларда давлат хизматларини ташкил этишда учраётган камчиликлар, тергов ва суриштирув билан боғлиқ ҳолатлар, ички ишлар органларига ишга ва ўқишга қабул қилиш ҳамда ҳудудлар кесимида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш каби масалалар ҳам мурожаатларда акс этган.
Ўрганилган мурожаатларнинг 156 таси (42 фоизи) жойида масъулларни жалб этган ҳолда муаммоларни бартараф этиш орқали ижобий ҳал этилди.

Қолган 211 та мурожаат (58 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилганлиги боис ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича соҳа мутасаддиларига алоҳида вазифалар юклатилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан фуқаролар билан ўтказилган шахсий қабуллар давомида 389 мурожаат қабул қилинди. Улардан 133 таси (34 фоизи) тадбир жараёнида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганишни талаб қилганлиги боис 256 мурожаат (66 фоизи) ижроси назоратга олиниб, уларни охирига етказиш мақсадида соҳа мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Қабулга ташриф буюрган фуқаролар «Хавфсиз кибермакон» тезкор-профилактик тадбири доирасида фаол бўлишга чақирилди ва уларга кибержиноятлар қурбонига айланиб қолишдан огоҳликка чақирувчи эслатмалар тарқатилди.
Аҳоли мурожаатларини ўрганиш бўйича шахсий ва сайёр қабуллар белгиланган тартибда давом эттирилади.
Н.Абдураимова, ЎзА