Сўнгги пайтларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасидаги ишларга қарамай, бу каби моддаларнинг ноқонуний муомаласини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали амалга ошириш, тарқатиш ва реклама қилишнинг янги усулларидан фойдаланиш кескин ортмоқда.
Шундай усуллардан бири “наркограффити” усули бўлиб, бунда ноқонуний ташкил этилган интернет-дўкон манзили ҳақида маълумот девор ва йўлакларга чизиш орқали тарқатилмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, жумладан, уларни истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларга ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни жалб қилиш ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида гиёҳвандликка чалинганлар сони ортиб бормоқда.
Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний савдосининг ортиб бораётгани ва бунга қарши курашишнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, мазкур масалага қаратилган хабарларнинг оммавий ахборот воситаларидаги тез-тез тарқалиши жамоатчиликни ташвишга солмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида ишларни жадаллаштириш, барвақт профилактика чора-тадбирлари самарадорлигини оширишни талаб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган жавоб олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА