Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида халқаро мусобақаларга ҳозирлик кўраётган волейбол бўйича U19 терма жамоаси аъзолари билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, мамлакат волейбол федерацияси раиси А.Тошпўлатов ҳамда спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов мулоқот олиб борди.
Мулоқот давомида 2026 йилги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Яратилган шарт-шароитлар, машғулот дастури, ҳар бир волейболчи ва мутахассиснинг ижтимоий ҳолати ўрганилди.

Терма жамоа мураббийлари Михаил Коваленко ҳамда Бобур Зайниддинов, мутахассислар, спортчилар йил давомида кутиб турган нуфузли мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, яқинлашиб келаётган республика ва халқаро мусобақаларнинг аҳамияти, Осиё волейбол конфедерацияси мутасаддилари билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари, маҳоратли волейболчиларни танлаш, саралаш тартиби хусусида таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида волейбол спорт турини ривожлантириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди ҳамда соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА