Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар вазири тунги вақтда ташкил этилаётган хизматлар фаолиятини ўрганди
10:59 / 2025-11-06

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизматлар фаолияти ўрганилди.

Аҳоли тураржойлари, савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар кўздан кечирилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимиятида ташкил этилган пойтахт ҳудудида сиёсий ва маданий тадбирларни ташкил этиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, шунингдек, ҳудудни чиқиндилардан тозалаш ва санитар озодаликни таъминлаш бўйича тузилган “ишчи гуруҳ” фаолияти билан танишилди.

Тадбир давомида Чилонзор туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган Дилобод маҳалласида жиноятларнинг барвақт олдини олиш юзасидан ташкил этилган ишлар бўйича маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди.  

“Рақамли хавфсиз Чилонзор“ платформасининг тақдимоти билан танишилди. Жараёнда ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш, хавфсиз муҳит яратиш ҳамда аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этиш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Туманнинг Бешчинор маҳалласида жойлашган 336-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, иссиқлик ва электр энергия билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари ўрганилди.

Катта Қозиробод маҳалласида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан аҳолига сифатли ва фавқулодда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Муассаса биносининг иссиқлик ва электр энергияси билан барқарор таъминланиши, шунингдек, турли носозликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Учтепа туманида олиб борилган ўрганишлар давомида Гузар маҳалласида жойлашган “Scopus Mall” замонавий кўнгилочар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари, масканда хизматни ташкил этиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳолати билан танишилди.

Тадбир жараёнида туман ҳудудига хизмат кўрсатувчи “Тошкент иссиқлик маркази” масъулияти чекланган жамияти 5-сонли иссиқлик маркази фаолияти билан танишиш жараёнида ижтимоий соҳа объектларини ва аҳоли тураржойларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, аҳолига хизмат кўрсатиш аҳволи ўрганилди ҳамда масъулларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

“Ширин” маҳалласида жойлашган “Uchtepa-shirin” бошқарув сервис компанияси фаолияти, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли тураржойларининг техник ҳолатини назорат қилиш ва мулкдорларга сифатли сервис ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлар ўрганилди.

Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА