Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасида “Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган танловда вилоят ички ишлар бошқармасининг айрим соҳавий хизмат ва туман, шаҳар ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Осайишталик посбонларининг соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг жанговар, жисмоний ва касбий тайёргарлик даражасини кучайтириш, қонунчилик ва хизмат интизомини мустаҳкамлашга йўналтирилган кўрик-танлов қатнашчилари соҳада амалга оширган ишлари, тест ва саволлар, оғзаки суҳбат, жисмоний ва жанговор тайёргарлик даражаси бўйича ўз маҳорат ва билимларини синовдан ўтказди.


Танлов якунида Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, майор Жасур Ҳазратқулов фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин Вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони командирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Отабек Нарқобиловга насиб этди. Узун тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Аброр Соҳибов учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорларга вилоят ички ишлар бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири