Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар органларига ишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар қўлга тушди
12:57 / 2025-11-22

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида маълум маблағ эвазига ички ишлар органларига ишга киритиб қўймоқчи бўлган фуқаро ушланди.

Гап шундаки, 1987 йилда туғилган, асли нуроталик фуқаро бухоролик 35 ёшли шахс билан танишиб, жиянига иш излаб юрганлигидан ва уни ички ишлар органларига ишга киритмоқчи эканлигидан хабар топади. “Ҳожатбарор” унинг ишончига киради ва бу иш “хамирдан қил суғургандек” осон кечишини билдириб, ўзи ҳам ички ишлар органи ходими эканлигини, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармасига ишга киритиб қўйишини, 5000 АҚШ доллари эвазига эса ишни тез ва сифатли битиришини айтади. 

Телефон орқали суҳбатлардан бирида у ишни “бошлаб юбориш” учун пул зарурлигини билдириб, 500 АҚШ долларини етказиб беришни сўрайди. Шу билан бирга, ушбу миқдордаги пулни “хамир учидан патир”, дея таъкидлайди.

Ўзаро суҳбатлар давомидаги олди-қочди гаплар тоға-жиянларда негадир шубҳа уйғотади. Пешона тери билан топган пулларини сохта ходимга топшириб, алданиб қолишни истамаган фуқаро Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўлимига ариза билан мурожаат қилади. 

– Фуқаронинг аризасига кўра, ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилиб, гумонланувчи келишилган 5000 АҚШ долларидан 500 АҚШ долларини олаётган пайтда қўлга олинди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов. – Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

– Пул керак бўлиб қолди. Ҳозир 500 АҚШ доллари олиб келинг. Кейин қолганини кўраверамиз, дедим, – дейди гумонланувчи. – Нафс устунлик қилди. Бераман дегандан кейин олиб кел, дедим. Бир ҳафта – ўн кундан кейин пул тушади. Қайтариб бераман, деб ўйлагандим. Ўхшамади. Ўзим учун керак эди 500 доллар. Ички ишларда ҳеч қандай танишим ҳам йўқ. Қилган ишимдан пушаймондаман. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, нафақат ички ишлар ходимлари, балки бошқа соҳа мансабдор шахслари ҳам қонунларни четлаб ўтган ҳолда ички ишлар органларига фуқароларни ишга қабул қилиш ваколатига эга эмас. Ушбу тизимга эса фақат ва фақат очиқ, шаффоф ҳолда ватанга, халққа садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилишга тайёр бўлган фуқаролар қабул қилинади. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NflI7AHl9zg" title="Ichki ishlar organlariga ishga kiritib qo‘ymoqchi bo‘lgan firibgar qo‘lga tushdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шу боис ўзини ички ишлар ёхуд бошқа орган ходими сифатида таништириб, ёрдам таклиф қилувчи сохта шахслар найрангига алданиб қолманг. Юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг ҳудудлардаги бўлимларига мурожаат қилинг. Огоҳ бўлинг.

А.Бўриев, ЎзА мухбири