Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар органларида миграция ва персоналлаштириш (+видео)
17:34 / 2026-01-22

Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бораётир.

Бу жараёнда ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларини босқичма-босқич тезкорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатувчи “сервис бўлинмалар”га айлантиришга ҳам зарурат сезилаяпти. Бунинг учун эса миграция ва персоналлаштириш соҳасида республика – вилоят – туман (шаҳар) бўлинмалар фаолиятини ташкил этишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва улар самарадорлигини ошириш, соҳада кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштириш талаб этилади.  

Ушбу вазифалар ижросига ҳуқуқий замин яратиш учун мамлакатимиз Президенти “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти тўғрисидаги низом ва бу соҳадаги “йўл харита” тасдиқланди.  

Қарорга биноан, 2026 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилади, сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган “Ақлли” миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади.  

Дастлабки босқичда Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади. 2027 йил 1 майга қадар эксперимент натижасидан келиб чиқиб, “Ақлли” миграция шохобчаларини республиканинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, савдо ва кўнгилочар марказлар, туристик ҳудудларда ҳам ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.  

Қарорда аҳолига қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2026 йил 1 майдан бошлаб Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визаларининг амал қилиш муддатини бир маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.  

Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколати Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам берилади. Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига чет эл фуқаролари таълим олаётган муассасалар ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган корхона ва ташкилотларда виза муддатини узайтириш, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун корхона, муассаса ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан шартнома асосида миграция бўлинмасига шаҳодатланган қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда, талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.  

2026 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга идентификaцияловчи ID карталар биринчи маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади ҳамда фуқаро “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.

Миграция ва персоналлаштириш департаменти жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги 2026 йил 1 августга қадар сунъий интеллект технологиялари асосида миграция ва персоналлаштириш соҳасига оид электрон давлат хизматларини кўрсатиш, онлайн ҳуқуқий маслаҳат бериш, юкламаси кам бўлган миграция бўлинмалари ҳақида маълумот олиш имконини берувчи “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасининг “Passport-visa” мобил иловасини ишлаб чиқади.

Бунда мазкур мобил илова орқали кўрсатилиши кўзда тутилган миграция ва персоналлаштириш соҳасига оид электрон давлат хизматлари дастлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш, мулкдор ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг мурожаати асосида унинг турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини бекор қилиш учун ариза юбориш

каби давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади.

Булардан ташқари, шахсга доир маълумотлар жамланган “Ягона рақамли миграция” платформаси яратилади (Digital migration platform).

Ушбу қарор миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттиришга хизмат қилади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zGiULl8Oe9o" title="Ichki ishlar organlarida migratsiya va personallashtirish" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>   

Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА