Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар органларида коррупциявий жиноятлар икки баравар кўпайган
19:23 / 2022-02-07

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда тушган жами беш мингга яқин мурожаатнинг 7 фоизи ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозилик акс этган.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда ички ишлар органларининг 46 нафар ходими коррупциявий жиноятлар содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. 2021 йилда эса бу кўрсаткич деярли икки бараварга ортиб, 89 нафар ходим томонидан 119 коррупциявий жиноят содир этилган.

Шундан 47 таси Жиноят кодексининг 206-моддаси, 18 таси 209 ва 211-моддалари, 14 таси 168-моддаси, 13 таси 210-моддаси ва қолган 9 таси бошқа коррупциявий жиноятларни ташкил қилган.

Бу Ички ишлар вазирлигида “Янги Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли мамлакатга айлантиришда бирлашайлик!” мавзусида ташкил этилган анжуманда маълум қилинди.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимида содир этилган коррупциявий ҳолатлар таҳлил қилиниб, ушбу иллатга қарши курашиш бўйича кўрилиши лозим бўлган таъсирчан чоралар муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, агентлик вакиллари ҳам мавзуга оид маърузалар билан иштирок этди. Жумладан, Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Қарорга асосан коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш йўналишлари бўйича белгиланган индикаторлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги “қониқарсиз” деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.

Тадбирда тизимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг ижтимоий ва моддий таъминотида ижобий ўзгаришлар амалга оширилгани қайд этилди. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари ходимлари томонидан пора олиш, пора олиш ва беришда иштирок этиш, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги каби коррупциявий ҳолатлар содир этилган.

Криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳудудларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини ўрганиш мақсадида аҳоли ўртасида аноним тарзда ўтказилган сўров хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Унда 5 минг 883 нафар фуқаро ва 4067 нафар ички ишлар органлари ходимлари иштирок этган. Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида сўровнома ҳар бир ҳудуддаги корхона, идора ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари, тиббиёт муассасалари, маҳаллалар ҳамда аҳоли кўп тўпланадиган жойларда ўтказилди. Сўров асосида ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупциявий ҳолатларга сабаб бўлувчи омиллар аниқланди.

Анжуманда уларнинг ҳар бири атрофлича таҳлил қилинди, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган превентив механизмларни ишлаб чиқиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА