Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кӯламли ишларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги 5 йил давомида Ички ишлар органларининг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди, жиноятчиликнинг олдини олишда янгича тизим яратилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилаётган турар жойга муҳтож 155 нафар ходимга узоқ муддатли, имтиёзли кредит асосида турар жой қуриб берилди ва ўз эгаларига топширилди. Бугунги кунда 363 нафар профилактика инспектори хизмат уйлари, 276 нафари «Матиз» автомашинаси билан таъминланди.
Президентимизнинг ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига йӯллаган байрам табригидаги: “Мен Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органлари ходимлари – Ватанимизнинг асл ўғлонлари сифатида замонавий билимларни эгаллаган, маънавий ва маърифий дунёси бой, ҳар қандай хавф-хатарга қарши матонат билан курашишга тайёр халқимизнинг чин маънодаги ҳимоячилари эканингизга қатъий ишонаман,” деган фикрлари ҳар бир ходимга ғурур ва ифтихор бағишлаш билан бирга катта масъулият ҳам юклайди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига кӯра, соҳа ходимларининг бир гуруҳи мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти учун мукофотланган эди.
Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳам бор. Жумладан, Нукус тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Салават Казбеков “Мардлик” ордени, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси Бахадир Узакбаев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан 3 нафар ходим “Аъло хизматлари учун”, 26 нафар ходим I, II, III-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони, 3 нафар ходим Фахрий ёрлиқ, 4 нафар ходим эсдалик қўл соати, 176 нафар ходим ва 24 нафар фахрий “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, байрам муносабати билан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан фахрий унвон ва кўкрак нишонлари, турли кӯрик-танлов ғолибларига диплом ҳамда пул мукофотлари, фахрийларга, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига байрам совғалари топширилди.
Санъат усталари ва вазирликнинг “Орол юлдузлари” ансамбли аъзолари ижросидаги байрам концерти намойиш этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
[gallery-4588]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА