Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар органлари ходимлари шарафланди
14:36 / 2022-10-25

Сурхондарё вилоятида Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни кенг нишонланди.

Осойишталигимиз посбонларининг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройи биносида тантанали маросим билан бошланди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, вилоят ички ишлар органлари раҳбар ва ходимлари, фахрийлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган фидойи ўғлонларнинг оила аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов тинч, осуда ҳаётимиз қўриқчилари, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг ишончли ҳимоячиларини касб байрамлари билан самимий табриклади. Мустақиллик йиллари барча соҳалар қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят масъулиятли ва айни пайтда шарафли йўлни босиб ўтгани ҳақида атрофлича фикр юритди.

– Президентимиз ташаббуси билан айниқса, кейинги йилларда ички ишлар органларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, тамомила янги тизим яратилди, –деди Тўра Боболов. – Натижада замонавий моддий-техник воситалар билан таъминланган соҳанинг юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ходимлари том маънода халқ манфаатлари учун хизмат қилиб, тинчлик ва осойишталигимизни таъминлаётгани эътиборга сазовор. Дунёнинг айрим давлатларида турли низолар, нотинчликлар юзага келаётган бир пайтда Ватанимиз жиноятчиликдан холи, тинч, осойишта мамлакатлар қаторидан ўрин олиб тургани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этаётган бу буюк неъмат, обод ва тўкин ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ. Бу давлатимиз раҳбари ғояси билан олиб борилаётган халқчил ислоҳотлар ва ички ишлар органлари ходимларининг нуфузини ошириш, соҳани халқнинг ишончли суянчиғига айлантириш йўлида юз бераётган ўзгаришларнинг амалдаги самарасидир.

Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун муносиб меҳнат шароити яратиш давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, имтиёзли нархларда ипотека кредитлари асосида кўп қаватли намунавий лойиҳадаги арзонлаштирилган уй-жойлар қуриб берилмоқда. Ижарада турган ходимларнинг ижара тўлов пулларини компенсация асосида тўлаб бериш амалиёти жорий этилди. Хизмат вазифасини аъло даражада бажараётган ходимларни моддий рағбатлантириш йўлга қўйилди.

Осойишталигимиз посбонларининг меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида ҳудудларда йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, барча қулайликларга эга янги бинолар барпо этилмоқда. Бунга Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳам яққол мисолдир. Шу йил мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами арафасида 7 миллиард 562 миллион сўм маблағ эвазига вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси, қиймати 5 миллиард 112 миллион сўмлик аниқ яшаш ва иш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази фойдаланишга топширилди. Ички ишлар органлари куни арафасида 1 миллиард 904 миллион сўм маблағ сарфланиб, қайта таъмирланган Қумқўрғон тумани ички ишлар бўлими биноси, вилоят ички ишлар бошқармасининг ёпиқ типдаги замонавий янги спорт мажмуаси, Денов тумани ички ишлар бошқармаси янги биносининг тантанали очилиш маросимлари ўтказилди. Замонавий спорт мажмуасини қуриб, жиҳозлаш учун 6 миллиард 817 миллион, Денов тумани ички ишлар бошқармасининг янги биносини қуриш учун 18 миллиард 523 миллион сўм маблағ сарфланди. 11 миллиард 511 миллион сўм маблағ эвазига Бандихон тумани ички ишлар бўлимининг барча шароитларга эга янги биноси барпо этилди. Шарғун шаҳар ички ишлар бўлими биноси 2 миллиард 500 миллион сўм эвазига қайта қурилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Ангор ва Сариосиё туманларидаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш биноларида йирик ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ходимлар учун қулайлик яратилди.

Кейинги йилларда тизимнинг тубдан янгиланаётгани қуйи бўғинларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти қайта кўриб чиқилгач, воҳада 723 та ўзини-ўзи бошқариш органида хизмат олиб борган 491 нафар профилактика инспекторига қўшимча 236 та штат бирлиги ажратилиб, уларнинг сони 732 нафарга етказилди. Бугун ҳар бир маҳаллада бир нафардан профилактика инспектори фаолият юритмоқда. Маҳалласи ҳудудидан уй-жой ва хизмат хонаси билан таъминланди.

Соҳада юз бераётган бу каби ўзгариш ва янгиланишлар жиноятчиликни жиловлаб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 311 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади. Босқинчилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўғрилик, безорилик, транспорт воситасини олиб қочиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш каби жиноятлар, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайди.

Тантанали маросимда самарали хизматлари учун бир гуруҳ ходимларга Ички ишлар вазирлигининг кўкрак нишонлари, пул мукофотлари, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди. Вилоят ҳокими ва вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

– Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳаётимда унутилмас из қолдирмоқда, – дейди Термиз шаҳар ИИБ 1-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисми навбатчиси, катта сержант Фарҳод Дўланов. – “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирландим. Камтарона хизматларимга кўрсатилган бундай эътибор ва эътироф Ватан олдидаги бурчимни янада садоқат билан бажаришга ундади. Сўнгги йилларда ички ишлар органлари ходимларига қаратилаётган юксак эътибор туфайли соҳада кўплаб янгиланишлар юз берди. Бўлимларнинг ҳам моддий-техник базаси яхшиланди. Жиноятчиликнинг олдини олишда тамомила янгича тизим жорий этилди. Хизмат вазифасини сифатли бажариш учун барча шароит яратилиб, ибратли фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Тантанали тадбир санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА