Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ички ишлар органлари фахрийлари ҳамиша эътибор ва эъзозда
22:13 / 2024-10-25

Сурхондарё вилоятида 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, айни пайтда қарилик гаштини сураётган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, байрам туҳфалари топширилмоқда.

Бундай эзгу тадбирлар мамлакатимизда улуғланаётган инсон қадрини кенг намоён этиб, нуронийларга бир олам қувонч улашмоқда. Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шерзод Шадиев ва Сариосиё тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Ғайрат Хўжамқуловлар ички ишлар идораларида узоқ йиллар хизмат қилган ИИО фахрийси, истеъфодаги майор Давлат Шарипов ҳамда истеъфодаги капитан Кенжа Ёқубов хонадонида бўлиб, дилдан суҳбатлашди. Фахрийларнинг муаммолари ўрганилди. Байрам совғаси улашилди.

Подполковник Шерзод Шадиев ва бошқарма шимолий минтақавий ҳудуд Узун тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Отабек Эргашевлар кўп йиллар соҳада хизмат қилган фахрийлар хонадонида бўлди. Жумладан, тумандаги Истиқлол маҳалласида яшайдиган истеъфодаги майор, ногиронлиги бор Рўзимахмат Юсуповдан ҳол-аҳвол сўраб, байрам билан қутлашди. Замонавий ногиронлар аравачисини топширди. Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилаётган истеъфодаги капитан Орал Оқбоев хонадонида бўлиб ўтган суҳбат ҳам фахрий ИИО ходимига бир олам қувонч улашди. Унинг соғлигини тиклаш ва хонадонида аниқланган муаммоларини бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида, шунингдек, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар хонадонида бўлиб, мард, жасур ҳамкасбларининг ибратли фазилатларини ёдга олишаётир. Оила аъзоларига совғалар топширилмоқда. 

Вилоятда байрам муносабати билан ички ишлар органлари фахрийлари ва хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири