Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари "Уч авлод" маслаҳат кенгашининг бешинчи республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур конференцияда юртимизнинг барча ҳудудларидаги ички ишлар органларининг фахрийлар кенгашлари аъзолари ҳамда ёш ходимлар иштирок этди.
Бугун нафақада бўлса-да, ёшларга катта ҳаётий тажрибаларидан сабоқ бериб, билмаганини ўргатиб, ҳамфикр бўлаётган фахрийларнинг борлиги, албатта, қувонарли ҳол. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида тизимда узоқ йиллар хизмат қилиб ҳозир нафақада бўлган бир гуруҳ фахрийлар, намунали хизмати билан бугун тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёш ходимлар анжуман аввалида Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасида бўлиб, ундаги музейлар ва тарихий обидалар билан танишдилар. Шунингдек, “Арда Хива” замонавий туристик мажмуасига саёҳат қилиб, шоу концерт дастурларини томоша қилишди.
[gallery-23277]
– Устозларимиз билан биргаликда буюк аждодларимиз бизга қолдирган бебаҳо мерос– қадимий обидалар билан танишдик, – дейди Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимаси Фарангиз Эргашева. – Ички ишлар органларининг тирик афсоналари бўлган фахрийлардан ота-боболаримиз кўрсатган жасорати, Ватан олдида қилган хизматлари, уларнинг тарихи ҳақида ўргандик. Мазкур саёҳат менинг иш ва ҳаётий тажрибамга ижобий таъсир қилади.
Конференциянинг иккинчи куни "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори остидаги юриш марафони билан бошланиб, тизим фахрийлари ёш авлодга бу борада намуна бўлдилар. Вилоятнинг Боғот ҳамда Шовот туманларида “Уч авлод” учрашувлари ўтказилди. Учрашувларда ички ишлар органлари фахрийлари ўзларининг кўп йиллик бой амалий тажриблари асосида ёшларга ҳаётий мисоллар ёрдамида ўгит ҳамда тавсияларини беришди.
– Нафақада бўлсак ҳам, “Фахрийлар – бекорчи эмас!” деган шиор остида ишлаяпмиз, – дейди Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзоси Миразим Сагатов. – Учрашувларда ёшларнинг тарбиясини ижобий шаклантиришга эътибор қаратдик. Чунки уларга ҳозирдан тўғри йўлни кўрсатсак, эртага жамиятимизга катта фойда келтиради. Хоразм ёшларини кузатар эканман, Ватанимга сидқи дилдан хизмат қиламан, илм ва ҳунар ўрганаман, деб кўзлари ёниб турганини кўрдим.
Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида фахрийлар Хива туманидаги Истиқлол, Урганч туманидаги Оёқбоғ ҳамда Шовот туманидаги Комилжон ота маҳаллаларида бўлиб, у ерда маҳалла еттилигининг фаолияти, криминоген вазиятнинг олдини олиш ҳамда рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
– Устозларимиздан касб сирлари билан бир қаторда “офицерлик шаъни”, “мундир шаъни” нима эканлигини, ҳаётий қийин вазиятларга тушиб қолганимизда ҳам сўнгги нафасимизгача қасамёдимизга содиқ қолиб, ҳеч иккиланмасдан Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишимиз лозимлигини ўргандик, – дейди Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси катта инспектори Олимжон Раҳматов. – Бундан ташқари, ички ишлар органларининг Хоразм тажрибаси билан танишдик. Бу ерда маҳаллаларда профилактика инспектори учун бир нафардан ички ишлар фахрийларидан мураббийлар бириктирилганини ва улар ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарор ушлашда катта ҳисса қўшаётганлигни кўрдик. Биз ҳам ўз вилоятимизда ушбу тажрибани қўллаймиз.
Тадбирнинг учинчи куни Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди ва Ёшлар марказида давом этди.
Якуний тадбирда ИИВ департамент бошлиғи, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари ва ёш ходимлар сўзга чиқиб ўзларининг таклиф ва мулохазаларини билдиридилар.
– Конференциянинг Хоразмда ўтказилиши бежизга эмас, – дейди Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзоси Акбар Жалилов. – Чунки Хоразмдан жуда кўп фидойилар етишиб чиққан. Маҳаллаларда бўлганимизда ҳозир ҳам уларнинг издошлари бор эканлигини, нафақада бўлсада ёшларга ўрнак бўлиб амалга ошираётган ишларидан хурсанд бўлдик. Фахрийлар халқ орасида махсус кийимларини кийиб, профилактика инспектори, маҳалла еттилиги билан биргаликда юриб юртимиз тинчлигини таъминлашмоқда экан.
Тадбир сўнггида ёш авлодга ўрнак ва намуна бўлиб келаётган устоз фахрийлар, ёш ходимлар ва уларнинг ота -оналари Ички ишлар вазирлигининг мукофотлари, фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари