Бухоро вилоятида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари таркибида фаолият юритаётган ички дорихоналар босқичма-босқич GPP ва GSP стандартлари талаблари асосида қайта жиҳозланмоқда. Ушбу стандартлар дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш, ҳисобга олиш ва беморларга етказиб бериш жараёнларини халқаро меъёрларга мос ҳолда ташкил этишни назарда тутади.
Амалга оширилаётган ишлар доирасида ички дорихоналар замонавий совитиш ускуналари, ҳарорат ва намликни автоматик назорат қилиш тизимлари, махсус сақлаш жавонлари ҳамда видеокузатув воситалари билан таъминланди. Шу билан бирга, дори воситаларининг сифатини таъминлаш, хавфсизлик ва ички назорат тизимлари тўлиқ жорий этилиб, масъул ходимлар учун доимий ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Бугунги кунга қадар Бухоро вилоятида 20 га яқин тиббиёт муассасаси ички дорихоналари белгиланган талабларга жавоб бериб, GPP ва GSP сертификатларини қўлга киритди. Бу кўрсаткич вилоятда фармацевтика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини намоён этади.
Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар аҳолини узлуксиз равишда сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлашга, тиббий хизматлар сифатини оширишга ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.