Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида Президентимизнинг 2025 йил 18 апрелдаги “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва бошқа масъул идоралар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаб, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда амалга оширилаётган ислоҳотлар ишлаб чиқариш, миллий маҳсулотлар экспорти ва янги иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Семинарда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Қосимов, бошқарманинг валюта назорати ва нотариф тартибга солиш бўйича бош инспектори Содиқжон Бойматов ва бошқалар соҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишлар билан атрофлича таништирди. Эндиликда хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилиши, шу йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилиши, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари ва бошқа янгиликлар ҳақида фикр алмашди.


Шунингдек, ташқи савдо товарлари учун талаб этиладиган сертификатлар ва рухсат этувчи ҳужжатларни тақдим этадиган “ЎзТест” давлат муассасаси Сурхондарё филиали, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари мутасаддилари ҳам ўз соҳаларида юз берган янгиликлар хусусида атрофлича маълумот берди.

Семинарда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири