2024 йили сув хўжалигида “Каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди. Албатта, бу қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда оқова сув сарфини сезиларли даражада иқтисод қилиш имконини беради.
Ушбу ташаббус доирасида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳам каналларни бетонлаш ишларига жиддий киришилган. Маълумотларга кўра, туманда сув хўжалиги ташкилотларига қарашли 10 та 62,64 километр магистраль ва хўжаликлараро каналлар мавжуд. Ушбу каналларнинг 28 километр 410 метр қисми бетонлаштирилган. Қолгани тупроқ ўзанли.
[gallery-15626]
– Бундан ташқари, туманимизда кластер ва фермерлар ҳисобидаги 745,6 километр ички канал ва ариқлар мавжуд бўлиб, шундан 50,1 километр лоток, 14,5 километр бетон қопламали ҳамда 681 километр (91 %) қисми тупроқ ўзанли сув йўллари ҳисобланади, – дейди туман ирригация бўлими бошлиғи ўринбосари Санжар Қиличов. – Ҳар йилги суғориш мавсуми даврида ички суғориш тармоқлари орқали етказиб берилаётган об-ҳаётнинг 30 фоиздан кўпроғи жануб қуёшида буғланиши ва ерга сингиб кетиши туфайли йўқотилмоқда. 23 январь ҳолатида мазкур хўжаликлараро ички канал ва ариқларнинг 55 километр 760 метр қисми бетонлаштирилди. Жорий йилнинг охири ва келгуси йил давомида 3 минг 984 гектар майдонни сув билан таъминлайдиган жами 125 километр тупроқ ўзанли ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилади. Бу иш тўлиқ якунига етказилгач, йилига 58,9 миллион куб метр об-ҳаёт тежалади ва тежалган сув ҳисобига 4 минг гектар экин майдонларини қўшимча сув билан таъминлаш имконияти вужудга келади.
Қўшимча қилиб айтиш жоизки, туманда фаолият юритаётган кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан ҳам канал ва ариқларни бетонлаш ишлари бажарилмоқда. Мақсад сув сарфини камайтириш ва боридан унумли фойдаланишдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари