Фаровон яшашимиз учун турли хил маҳсулотларга эҳтиёжимиз ортаётган бир пайтда уларни ишлаб чиқаришга, етиштиришга кетаётган сувнинг ҳам миқдори ортмоқда. Шу сабабдан оби ҳаётнинг ҳар бир томчисини тежаб ишлатиш бугуннинг заруратидир.
Айниқса, аҳолига сифатли, хавфсиз ва етарли миқдорда ичимлик суви етказиб бериш долзарб масалалардан бири. Хўш, бу борада Хоразмда давлат назорати ўрнатилганми?
ЎзА мухбири ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй- жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси ходимлари томонидан Янгиариқ туманида ўтказилаётган назорат тадбирида қатнашди.
Янгиариқ Хоразмнинг энг кичик туманларидан бири бўлиб, 150 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Маълумотларига кўра, туманда жорий йилнинг шу кунигача бўлган даврида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини ўрганиш бўйича 216 маротаба таҳлил намуналари олиниб, давлат стандарти талабларига жавоб бериши текширилган. Таҳлил натижаларига кўра, эллик олтита ҳолатда ичимлик суви таъминоти, оқова сув чиқариш хизматларини кўрсатиш ёки улардан фойдаланишда қоидаларига амал қилинмаганлиги туфайли 139 сўмлик жарима маблағлари ундириш бўйича далолатномалар тузилган.
– Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, тумандаги иккита қозонхона куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ўрганилди, – дейди Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси шуъба бошлиғи Акбар Авезов – Мазкур қозонхоналар 12 та кўп қаватли уй ва тўртта ижтимоий объектни иссиқлик манбаи билан таъминлайди. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича маъмуриятга тегишли кўрсатмалар берилди. Натижада тармоқлардаги 150 метрлик қувурлар алмаштирилди. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.
Бугунги кунда оқова сувлар миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. Оқова сув тизими бу фойдаланилган сувларни йиғиш, тозалаш ва қайта ишлашга мўлжалланган муҳандислик иншоотлари мажмуасидир.
[gallery-26567]
– Оқова сув тизими икки асосий қисмдан иборат бўлиб, ички оқова тизими – бинолардан чиқадиган сувларни йиғиш ва ташиш учун, ташқи оқова тизими – бу сувларни тозалаш иншоотларига етказиш ва хавфсиз ҳолатда чиқариш учун мўлажалланган, – дейди Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бош мутахассиси Бобур Жуманиёзов. – Оқова сувлар тўғри йўналтирилмаса ёки тизим носоз бўлса, у орқали инфекциялар, паразитлар ва вируслар тарқалади. Шунинг учун бу йўналишда ҳам давлат назорати ўрнатилган. Назорат тадбирлари давомида ҳам учта тадбиркорлик субъектида тизимга ортиқча оқова сув ташланганлиги аниқланди ва ўн бир ярим миллион сўмлик жарималар белгиланди.
Маълумот ўрнида: ҳудудий инспекциянинг тақдим этган маълумотларига кўра, вилоятда жорий йилнинг ўтган январ-октябр ойларида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини ўрганиш бўйича 1 минг 860 га яқин таҳлил намуналари олиниб, давлат стандарти талабларига жавоб бериши текширилган. Таҳлил натижаларига кўра, 411 та бюджет ташкилотида, элликдан ортиқ турли ҳолатларда ичимлик суви таъминоти, оқова сув чиқариш хизматларини кўрсатиш ёки улардан фойдаланишда қоидаларига амал қилинмаганлиги аниқланган.
Назорат тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари