Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сувининг сифати ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
19:51 / 2020-03-18

Ичимлик суви бутун дунё стандартлари бўйича озиқ-овқат маҳсулоти сифатида таснифланади. У инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлиши учун лаборатория синовларидан ўтказилади.

М у н о с а б а т

Маълумотларга кўра, инсон умри давомида ўртача 75 тонна сув истеъмол қиларкан. Хусусан, катта ёшдагилар бир кеча-кундузда 2,5-3 литр сув истеъмол қилди. Шундан 1,2 литри ичимлик сувига тўғри келади, 1 литри турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар таркибидаги сув орқали истеъмол қилинади, 0,3 литри организмда модда алмашинуви жараёнида пайдо бўлади.

Ҳар куни фойдаланадиган ичимлик сувининг сифати ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ичимлик суви бутун дунё стандартлари бўйича озиқ-овқат маҳсулоти сифатида таснифланади. У инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлиши учун лаборатория синовларидан ўтказилади.

Биринчи навбатда танланган сув манбалари давлат стандарти O`zDSt 951:2011 “Марказлаштирилган хўжалик-ичимлик суви билан таъминлаш манбалари, гигиеник, техникавий талаблар ва танлаш қоидалари” талабларига жавоб бериши шарт. Агар танланган сув манбаларидаги сифат кўрсаткичлари гигиеник талабларга жавоб бермаса, у ҳолда сувлар махсус тозалаш иншоотларида босқичма-босқич қайта тозаланади.

Ушбу тадқиқотлар ҳар куни аҳоли саломатлиги учун сувнинг хавфсизлигини тасдиқлаш ва турли юқумли касалликлар мавжуд эмаслигини кафолатлаш учун махсус лабораторияларда ўтказилади. Бу ерда малакали мутахассислар сувни тўғридан-тўғри сув таъминоти тармоқларига юборгандан сўнг унинг сифатини мунтазам назорат қилиб боради. Кимёвий муҳандислар, бактериологлар, лаборатория ёрдамчилари ва намуна олувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан сув манбалари ва сув тармоқларига юбориладиган ичимлик суви сифати 45 га яқин кўрсаткич бўйича сув таъминоти корхоналарининг марказий ва ичимлик сувини тайёрлаш иншоотидаги объект лабораторияларида назорат қилинади.

Стандарт билан тартибга солинадиган барча таҳлил турлари бўйича кўрсаткичларни мониторинг қилиш учун 60 га яқин лабораториянинг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, республикамиздаги марказлаштирилган ичимлик суви белгиланган меъёрларга жавоб беради. Лабораториялар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати органлари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Эндиликда давлат стандарти талабларига жавоб берадиган янги сув иншоотлари барпо этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида табиий сувни тузсизлантириш станциялари (опреснитель) ишламоқда. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида кузатилаётган муаммоларни янги ускуналарни босқичма-босқич жорий этиш ва эскирганларини замонавий сув тозалаш усуллари билан алмаштириш орқали ҳал этиш мумкин.

Бугунги кунда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан сув сифати ва хавфсизлигини таъминловчи маънан эскирган лаборатория асбоб-ускуналари янгиланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган ичимлик сувларини давлат стандарти талабларига мос холга келтириш, сув сифатини назорат қилиш мақсадида тизимда 6 та марказий лаборатория фаолияти тикланди. Жумладан, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги 2 та канализация иншоотида тоза ичимлик суви сифатини таҳлил қиладиган 2 та лаборатория, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида 1 тадан лаборатория фаолияти тикланди.

Вилоятларда марказий лабораторияларни тиклаш, жиҳозлаш, мутахассис кадрлар билан бутлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси томонидан жорий йилда ажратиладиган 26 миллиард сўм маблағ ҳисобидан ҳудудий ичимлик суви ва канализация хизматлари ташкилотларининг 6 та лабораториясини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Шунингдек, вазирлик ичимлик сувининг стандартлаштирилган кўрсаткичларини физик-кимёвий таҳлил қилиш учун махсус лабораторияларни энг сўнгги замонавий ускуна ва ўлчаш асбоблари билан жиҳозлашни режалаштирган.

Аслида, тежамкорлик кундалик шиоримизга айланиши керак. Давлат сув таъминоти корхоналарининг асосий вазифаларидан бири аҳолини эпидемиологик жиҳатдан хавфсиз, кимёвий таркибида зарарсиз ва қулай органолептик хусусиятларга эга сифатли ичимлик суви билан таъминлашдан иборат. Асосийси, табиий сув захирасини тежаш, саломатлигимизга дахлдор бўлган табиат неъматларини кўз қорачиғидек асраш. Зеро, ичимлик суви бизга минглаб инсонларнинг машаққатли меҳнати эвазига етказиб берилаётганини унутмаслигимиз зарур.

Нигора ШУКУРОВА,

Уй-жой коммунал хизмат

кўрсатиш вазирлиги

Ягона давлат сув фонди

сифатини таъминлаш

бўлими бош мутахассиси