Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сувини зарарсизлантириш учун портатив қурилма яратилди
13:05 / 2022-01-23

Сув инсон организмининг барча ҳужайралари учун озуқа ҳисобланади.

Айнан сув ҳар бир органнинг катта қисмини эгаллайди. Масалан, қондаги сув миқдори - 90 фоиз бўлса, мия - 85 фоиз, мушаклар - 75 фоиз, жигар - 65 фоиз, суяклар - 28 фоиз, ёғ тўқималари эса 25 фоиз сувдан ташкил топган. Организмдаги барча кимёвий реакциялар сув иштирокида бўлади.

Аммо истеъмолдаги сувлар ҳар доим ҳам яроқли бўлавермайди.

Маълумотларга кўра, жўмракдан оқиб турган сувни истеъмол қилаётиб одамлар 85 та маълум касалликларни ўзига юқтириши мумкин ва дунё бўйлаб бундай касалликлардан ҳар йили 25 миллион киши нобуд бўлади.

Манбаларга кўра, одамлар ҳаёти давомида 75 тонна сувни истеъмол қилади ва касалликларининг 80 фоизи сув билан организмга киради.

Масалан, узоқ вақт темир моддаси юқори бўлган сувнинг истеъмоли жигар касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

Одамлар тозаламай ичадиган сувда эса магний ва калций тузлари бўлгани учун у қаттиқлашади ва бундан ташқари сувда кимёвий ва механик аралашмалар, кўплаб вируслар ва бактериялар сабабли қариш жараёнини 30 фоизга тезлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти томонидан ичимлик сувини зарарсизлантириш учун портатив қурилма яратилди. Ушбу қурилма ичимлик суви манбасини ифлосланиш хавфи мавжуд бўлган шароитларда - далада, лагерда, турли хизмат сафарларида ичимлик сувини зарарсизлантириб истеъмолга яроқли бўлишини таъминлаши учун мўлжалланган.

Қурилманинг ишлаши металл ионларининг сувга электролизи таъсирига асосланган бўлиб, улар кенг кўламли патоген микроорганизмларни (жумладан, дизентерия, вабо, тиф ва бошқалар патогенларини) йўқ қилади.

Қурилманинг ўзига хос хусусияти шундаки, ичимлик суви стандартларига жавоб берадиган металларнинг паст концентрациясида кенгроқ бактерияларга қарши юқори биосид фаолликни таъминлайдиган ўзига хос три-металл қотишмасидан фойдаланишдир. Тозаланган сув 12 ой давомида истеъмол қилиш учун хавфсиздир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА